12:59 / 19.05.2021
10702

Мактабларда якуний ва босқичли имтиҳонларни ўтказиш тартиби маълум қилинди

Ўзбекистонда якунига етаётган ўқув йилида якуний имтиҳонлар карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтказилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий ўқув йилида барча умумтаълим мактабларида босқичли назорат ва якуний давлат имтиҳонлари ўқувчиларнинг соғлиғини ҳимоялаш, карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилади.

“Имтиҳонлар ўтказилишидан олдин таълим муассасаларида дезинфекция ишлари олиб борилади, ўқувчилар имтиҳонларга санитар-гигиена қоидаларига риоя этган ҳолда, ҳимоя воситасида (тиббий ниқоб) киритилиб, бинога киришдан аввал тиббий ходимлар томонидан уларнинг тана ҳарорати ўлчанади ва оралиқ масофани сақлашлари таъминланади”, деди Лайло Рустамова.

Шунингдек, агар умумтаълим муассасаси карантинга ёпилган бўлса, имтиҳонлар карантин муддати тугаганидан сўнг юқоридаги талаблар асосида, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилади.

Маълумот учун, коронавирус пандемияси туфайли ўтган ўқув йилида барча таълим муассасаларида имтиҳонлар тўхтатилган ва ўқувчилар аввалги учта чорак асосида баҳоланган эди.

Top