Ўзбекистон | 08:39 / 21.05.2021
5091
2 дақиқада ўқилади

«Пойтахт банк»даги давлат акция пакети сотувга қўйилди

Савдо рақобат асосида, барча манфаатдор иштирокчилар учун очиқ ариза топшириш орқали амалга оширилади.

«Пойтахт банк» АЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акция пакетлари сотувга қўйилди. Бу ҳақда «Давактив» агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, савдо рақобат асосида, барча манфаатдор иштирокчилар учун очиқ ариза топшириш орқали амалга оширилади.

Халқаро миқёсида тан олинган консалтинг хизматлари кўрсатувчи Deloitte компанияси банкни хусусийлаштириш бўйича консултант сифатида танлаб олинган.

«Давлат акция пакетларини сотишдан асосий мақсад банкнинг молиявий барқарорлигини ошириш ва банк томонидан тақдим этиладиган профессионал банк хизматлари турини кенгайтириш, шу билан бирга, банк соҳасига йўналтирилган инвестициялар ва кредит линияларини жалб қилиш», дейилади хабарда.

Банк 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, унда тижорат банк ва халқаро валюта операцияларини амалга ошириш, қимматли қоғозлар, ссуда ва кафилликлар бериш, омонатлар қабул қилиш ва кредит бериш, республика ҳудудида тўловларни амалга ошириш, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларга бошқа банк хизматларини кўрсатиш фаолияти олиб борилади.

Шунингдек, банк тасдиқланган давлат суғурта қўйилмалари дастурида иштирок этади, лицензияси бекор қилинган ҳолда ҳам қўйилмалар суммасидан қатъи назар, 100 фоиз миқдорида қайтарилади.

Маълум қилинишича, «Пойтахт банк» АЖ сотилиш механизми ва жараёни 4 босқичдан иборат бўлади. Қизиқиш билдирган харидор 20 июнга қадар «Давактив» агентлиги электрон манзилларига мурожаат қилиши мумкин.

Мавзуга оид