Ўзбекистон | 14:36 / 21.05.2021
8903
3 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева: «Нукус музейининг жаҳон бўйлаб саёҳатини уюштиришга имкон яратиш, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон нуфузини янада оширишни ўз миссиям деб ҳисоблайман»

Москвадаги Третьяков галереясида рассом-супрематист, Малевичнинг шогирди Иван Кудряшов асарлари кўргазмаси очилди.

Галереяда 300дан ортиқ экспонатдан иборат ретроспектив коллекция жамоатчиликка тақдим этилди. Кўргазмани ташкил этиш ва Қорақалпоғистон давлат санъат музейидан асарларни етказишда Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси яқиндан ёрдам берди.

Кўргазманинг очилишида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бошқарув раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева сўзга чиқиб, супрематист рассом Иван Кудряшовнинг асарлари Нукус шаҳридаги музей омборида қарийб эллик йилдан бери сақланаётганини таъкидлади.

“Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон учун бу кўргазма муҳим аҳамиятга эга. И.В.Савицкий номидаги музей узоқ йиллардан бери илк бор ўз омборхоналарини “очди”. Бу рассом асарларининг шунчаки гастроли эмас, балки тўлақонли илмий ҳамкорликдир, у тасвирий санъатни оммалаштириш йўлида давом этишига умид қиламиз. Айтиш жоизки, Иван Кудряшов асарлари кўргазмаси Игор Савицкий туфайли ташкил этилди, айнан у коллекциянинг катта қисмини йиғган. Рассом-супрематист Иван Кудряшовнинг картиналари қарийб 50 йил давомида Нукус музейида сақланди, 2017 йилда Третьяков галереяси мутахассислари коллекция билан қизиқиб қолди ҳамда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда ушбу лойиҳа яратилди. Унинг замирида илмий изланишлар, рус авангардига қизиқиш, Савицкий номидаги музейнинг хазинасини бутун дунёга намойиш этиш истаги ётибди.

Бизнинг “саҳродаги Лувр” бунга бошқа исталган музейдан кўра кўпроқ лойиқдир. Ўзимиз ушбу хазина қанчалик чуқур эканини ҳали билмаймиз, уни глобал ўрганиш ишлари олдинда. Кўплаб шедеврлар ҳали кенг оммага олиб чиқилмаган, музей кенгаймоқда, унинг коллекцияларига бўлган қизиқиш йилдан йилга ортмоқда. Мен Нукус музейининг жаҳон бўйлаб саёҳатини уюштиришга имкон яратиш ва шу аснода Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон нуфузини янада оширишни ўз миссиям деб ҳисоблайман. Биз бу давом этишини истаймиз.

Биз музей асосчиси Игор Савицкий ушбу дурдоналарни йиғиш учун қанчалик меҳнат қилгани ва фидойилик кўрсатганини намойиш этмоқчимиз. Назаримда, бу унинг хотирасига ҳурмат ва мазкур бебаҳо музей айнан бизнинг юртимизда ташкил этилгани учун чуқур миннатдорчилик рамзидир”, деди Саида Мирзиёева.

22 августга қадар давом этадиган кўргазма расмлар, график ва саҳна асарлари ҳамда архив материалларидан иборат. Залларнинг бирида И.Кудряшовнинг 1920 йил октябр ойида Оренбург шаҳар театри учун уч ўлчамли супрематистик рангтасвирнинг реконструкцияси жойлаштирилган.

Маълумот учун, кеча, 20 май куни, Венеция биенналесида Ўзбекистон павильони очилди. Халқаро архитектура биенналесида Ўзбекистон павильони тақдим этилди. Очилиш маросимида Азиз Абдуҳакимов ва Саида Мирзиёева сўзга чиқди, кутилмаганда ЮНЕСКО бош директори ҳам ташриф буюрди.

Мавзуга оид