Ўзбекистон | 14:44 / 21.05.2021
13431
3 дақиқада ўқилади

UzAutoMotors Хоразмда янги пресс-мажмуани ишга туширди

 «UzAuto Motors» АЖ Хоразм вилояти, Питнак шаҳридаги заводда янги пресс-мажмуасини очди. У йиллик импорт ҳажмини 20,5 миллион АҚШ долларига камайтириш имконини беради.

Тантанали тадбирда Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Ўзавтосаноат АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов, UzAutoMotors бош директори Рустам Ражабов, соҳа мутахассислари, меҳнат фахрийлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

 Қайд этилишича, 1,06 гектар майдонда ташкил этилган мажмуа максимал қувватга эришгандан сўнг, Chevrolet Damas ва Labo моделлари учун ҳар йили 70 минг донагача турли кузов қисмларини ишлаб чиқариш имконини беради. Натижада Chevrolet Damas учун 114та, Labo учун 152та эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш маҳаллийлашади. Бу эса йиллик импорт ҳажмини 20,5 миллион АҚШ долларига камайтиради.

 Ўзавтосаноат АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов тантанали тадбирда сўзлаган нутқида мажмуанинг иқтисодиёт учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

 «Ушбу лойиҳа автомобилсозлик саноатининг барқарор ўсиши ва ривожланишини таъминлаш нуқтаи назаридан Ўзбекистон иқтисодий ривожлантириш стратегиясига тўлиқ мос келади. Гап нафақат замонавий технологияларни жорий этиш, балки юзлаб иш ўринларини яратиш ҳақида кетмоқда. Ҳудуддаги аҳолининг умумий фаровонлигини ҳисобга олган ҳолда, «темир дафтар»га киритилган 30га яқин фуқаро, «ёшлар дафтари»га киритилган 100дан ортиқ ёшлар иш билан таъминланади. Янги мажмуа маҳаллий бюджетга солиқ тушумларини 12 миллиард сўмга оширади», - деди у.

 UzAutoMotors бош директори Рустам Ражабов лойиҳа рақобатбардошликни оширишга қаратилганини таъкидлади.

 «UzAuto Motors филиали ҳудудида жойлашган янги, ноёб пресс-цех ҳудуд инфратузилмасига жуда мос келади. Вилоят марказининг шаҳар йўлларига ва шаҳарлараро йўналишларга чиқишдан ташқари, завод ўзининг темир йўл линиясига эга, бу эса логистика харажатларини минималлаштиради. Бироқ, лойиҳанинг асосий мақсади тайёр маҳсулот нархини пасайтириш орқали рақобатбардошликни оширишдир. Ушбу дастгоҳда Damas ва Labo учун 266 бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилади, бу уларнинг локализациясини 25 фоизга оширади», – деди у.

Янги мажмуанинг ишга туширилиши UzAuto Motors АЖ Хоразм филиали маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини 50 фоизга ошириш имконини беради. Агар 2020 йилда Damas ва Labo автомобиллари 7 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт қилинган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 10 миллион АҚШ долларидан ошиши ва 2022 йилда 15 миллион АҚШ долларига етказилиши режалаштирилган.

Лойиҳа UzAuto Motors компаниясининг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган 48 миллион АҚШ долларига амалга оширилган. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 40 миллион АҚШ доллари даражасига етиши ва соф фойда 13 миллион АҚШ долларини ташкил этиши кўзланмоқда.

Мавзуга оид