Иқтисодиёт | 21:52 / 26.05.2021
9718
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ўтган йили 257 млн долларлик қурилиш материалларини экспорт қилди

2016–2021 йилларда қурилиш материаллари саноати лойиҳаларида 5 млрд 386 млн доллар ўзлаштирилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 6,8 трлн сўмдан 22 трлн сўмгача ўсди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Шоҳрух Бобожоновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, 2016-2021 йилларда Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми юқори даражада ўсди.

Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми қанча?

2020 йилда республикада қурилиш материаллари соҳасидаги корхоналар томонидан жами 22 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 2016 йилда ушбу кўрсаткич 6,8 трлн сўмни ташкил этган бўлиб, ўсиш суръати 3,2 баробарга етди.

Хусусан, ўтган йил мобайнида:

  • 12,5 млн тонна цемент (ўсиш 45 фоиз);
  • 20,2 млн кв/м қурилиш ойнаси (ўсиш 59,4 фоиз);
  • 17,3 млн кв/м керамик плиткалар (1,8 баробар);
  • 61 млн кв/м гипсокартон (2,1 баробар);
  • 890 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмаси (4,8 баробар);
  • 340 минг тонна оҳак (ўсиш 13,7 фоиз);
  • 2000 ўрам гулқоғоз (ўсиш 89 баравар) ишлаб чиқарилди.

Айни кунда Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи 12 ярим мингга яқин корхона фаолият юритмоқда.

Ўтган йилларда 120 турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 180 тадан ошиб кетди.

Маълум қилинишича, 2016 йилдан 2021 йилгача 7385 та инвестиция лойиҳаси бўйича 5 млрд 386 млн доллар ўзлаштирилди.

Шунингдек, 2021 йилда тасдиқланган инвестиция дастурига асосан, қурилиш материаллари соҳасида умумий қиймати 2 млрд 130 млн доллар бўлган 790та йирик истиқболли лойиҳалар бўйича 1 млрд 701 млн доллар ўзлаштирилиши белгиланган.

Қурилиш моллари экспорт-импорт кўрсаткичи қандай?

Таҳлилларга кўра, 2016 йилда 55,3 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 257 млн долларга етказилди ва ўсиш 4,6 баробарни ташкил қилди. 2021 йилда эса 270 млн доллар миқдоридаги қурилиш материалларини жаҳон бозорига чиқариш режалаштирилган.

Хусусан, ўтган давр мобайнида 28,9 млн долларлик цемент, 19 млн долларлик алюмин ва ПВХ профиллар, 14,2 млн долларлик керамик плитка, 12,8 млн долларлик қуруқ қурилиш аралашмалари, 7,7 млн долларлик оҳак, 7,1 млн долларлик гипсокартон, 3,5 млн долларлик гулқоғоз каби қурилиш материаллари экспорти амалга оширилди.

Ўтган 2020 йилда 467,6 млн долларлик 45 турдаги қурилиш материаллари импорт қилинган бўлиб, бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 14,2 фоизга камайишига эришилди.

Жумладан, ушбу даврда 130,9 млн долларлик цемент, 38,2 млн долларлик гулқоғоз, 32,9 млн долларлик қурилиш ойнаси, 31,8 млн долларлик лак-бўёқ маҳсулотлари, 28,4 млн долларлик оловбардош ғишт, 21,8 млн долларлик керамик плиткалар, 21,4 млн долларлик ПВХдан қувур ва фитинглар каби қурилиш материаллари импорт қилинган.

Мавзуга оид