Ўзбекистон | 17:49 / 27.05.2021
2618
7 дақиқада ўқилади

Ҳудудларнинг бизнес рейтинги: қозонда бори чўмичга чиқади

2020 йил якунларига кўра, бизнес рейтингда биринчи учликда Тошкент шаҳри, Наманган ва Навоий вилоятлари бўлса, охирги ўринларда Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари жой олди. Адлия вазирлиги масъул ходими Худоёр Мелиев ушбу мақоласида шу ҳақда сўз юритади.

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шулар қаторида, Адлия вазирлиги ҳам тадбиркорлик учун қулай шароит яратиш ва мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.

Хусусан, бизнесни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиботлари соддалаштирилди: тадбиркорлик субъектини 30 дақиқада рўйхатдан ўтказиш имконияти жорий этилди.

Бундан ташқари, ўтган йили лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соддалаштирилди: 70 турдаги фаолият учун лицензия, 34 турдаги рухсатномалар бекор қилинди, жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш учун «Лицензия» ахборот тизими ишга туширилди.

Тадбиркорларга ҳуқуқий ахборотларни содда ва бепул етказиш мақсадида «Advice for business» ҳуқуқий портали яратилди.

Амалга оширилган ислоҳотлар кўлами ортиши билан бир қаторда, уларнинг ҳаётга тўлиқ жорий этилаётганини аниқлаш масаласи кун тартибига чиқди. Шу сабабли ҳам Адлия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташаббуси билан Олий суд, Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси каби бир қатор идоралар билан ҳамкорликда ҳудудларда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш тартиби 2020 йилдан жорий этилди.

Баҳолаш методологиясини ишлаб чиқишда халқаро «Doing business» рейтингининг мезонлари таҳлил қилинди, чет эллик экспертлар билан ҳамкорлик қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг етук мутахассислари билан биргаликда ишланди.

Баҳолаш инсон омили аралашувисиз тегишли идораларнинг киритган маълумотлари ва тадбиркорлар ўртасидаги сўровлар асосида «Business indicator» ахборот тизими (b-indicator.uz) орқали амалга оширилиб келинмоқда.

Шуни таъкидлаш лозимки, баҳолаш натижасида ҳудудларнинг бизнес рейтинги тузиб келинмоқда. Эълон қилиниб борилаётган баҳолаш
(2019 ва 2020 йил якунлари бўйича) «қозонда бори чўмичга чиққани»ни кўрсатди.

Хусусан, 2019 ва 2020 йил баҳолаш натижасида тадбиркорлик соҳасидаги салбий ва ижобий тенденциялар кўзга ташланди. 2020 йилда бир қатор масалаларда тушиш ҳолати кузатилди. Масалан, бўш турган бинолар ва ерлардан тадбиркорлик мақсадида фойдаланиш қарийб 6 фоизга, тадбиркорлардан солиқ тушуми 8 фоизга (ҳар бир тадбиркордан 3 млн сўм кам), шунингдек тадбиркорлик учун кредитлар ажратилиши, тадбиркорларнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмлари 2019 йилга нисбатан камайди.

Бундан ташқари, 2019 йилга нисбатан тадбиркорларнинг давлат олдидаги қарзи 3 бараварга ортиб кетди. Ҳар 100 нафар тадбиркорнинг 15 таси ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун шикоят қилган ва бу 2019 йилга нисбатан 2,5 баравар кўп дегани.

Яна салбий тендециялар: ҳар икки тадбиркорнинг бирида банкдаги ҳисоб рақами хатланди, фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлар 2019 йилга қараганда 2,5 бараварга ортди.

Шу каби салбий ўзгаришларда коронавирус пандемиясининг «қўли бор» десак ҳам бўлади. Пандемия барчани унинг ўйин қоидалари асосида ҳаракат қилишга мажбур қилди.

Буни қарангки, коронавирус пандемиясининг ижобий таъсирлари ҳам бўлди. Ижобий ўзгаришлар ўз-ўзидан эмас, балки давлат раҳбарининг тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳужжатлари, хусусан, мулк дахлсизлигини кучайтиришга оид 2019 йил 13 августдаги ПФ–5780-сон фармони, шунингдек, коронавирус пандемияси даврида унинг оқибатларини юмшатига қаратилган 2020 йил 27 апрелдаги ПФ–5986-сон ҳамда 18 майдаги ПФ–5996-сон фармонларининг қабул қилиниши ва ижроси бунда муҳим аҳамият касб этди.

Натижада, тадбиркорларнинг мулк дахлсизлиги (охирги йилларда энг болзард бўлаётган масала) анча яхшиланди. 2019 йилда бўлган бузилишлар 2020 йилга келиб 13 бараварга камайди. Тадбиркорлар иштирокидаги суд низолари 41 фоизга пасайди, тадбиркорларни текширишлар билан безовта қилиш ҳолатлари деярли 5 мингтага камайди.

Пандемия даврида кредит қарздорлигини тўлай олмаётган тадбиркорларга субсидиялар бериш 3 бараварга ортди.

Пандемия таъсирисиз ижобий ўзгаришлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, узлуксиз фаолият юритаётган тадбиркорлар 33 фоизга, тадбиркорларнинг аҳоли жон бошига нисбатан сони 7 фоизга (уларнинг сони 870 мингга яқинлашди) ошди.

Вилоятларда тадбиркорлик соҳасида ижобий силжишлари бўлаётгани билан бир қаторда, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратишда ҳали ҳал этилмаган масалалар борлигини эслатиб қўйди. Амалга оширилган ишларимизга маҳлиё бўлмасдан, олдимизда турган янги-янги чақириқларни қабул қилиш ва уларни ҳал этишга бел боғлашимиз керак.

Аҳоли бандлиги, тадбиркорларнинг давлат идораларига бўлган ишончи, кредитлар ажратилиши, тадбиркорларнинг инфратузилмалар билан таъминлангани ва ҳоказо... Бу рўйхатни ҳали давом эттириш мумкин.

Ушбу масалаларда ҳали инқилобий ўзгаришларни қилдик деб айтсак муболаға бўлиши турган гап! Шунинг учун мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича вилоятдаги мутасадди идораларга тегишли тавсиялар берилмоқда, қонунчиликдаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Энг муҳими, қўлимизда энди беминнат ёрдамчи бор: тадбиркорлик соҳасидаги асосий муаммоларни худди театр саҳнаси ортида туриб йўналиш берувчи – «суфлёр» вазифасини бажарувчи «Business indicator» ахборот тизими.

Тизимнинг имкониятларидан фойдаланиш олдимизда турган кўз билан кўриб бўлмайдиган муаммоларни аниқлашга имкон беради. Бу ҳар бир ҳудуд учун ўзининг тадбиркорликни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатлари натижаси акс этадиган мисоли кўзгудир. Айтарли ишларни амалга оширмаган ҳудудларнинг натижаси яхши бўлмаслиги аниқ, шу натижани ҳар бир мутасадди идоралар қабул қила олиш керак.

Тизим кўрсатиб берган ҳолатларда ўзимизни оқлашга, ундаги айрим ҳолатларнинг ўзимизча тўғри деб ҳисоблаётган «догма»ларга мос келмаётганини исботлаш керак эмас. Ундан кўра, кўтарилган муаммоларни ҳал этиш учун ҳақиқатан иш бошлашимиз керак.

Баҳолаш якунлари бўйича мутасадди идоралар баҳоналар излагандан кўра, яқинлашиб келаётган 2021 йилнинг 1-ярим йиллигида ўтказиладиган баҳолашда ўз кўрсаткичларини яхшилаш чораларини кўриши мақсадга мувофиқ.

Кимлар тадбиркорликни ривожлантириш учун тизимда кўрсатилган муаммоларни бир қадар ечишса, баҳолаш якунларида унинг натижасини кўришади. Эътиборли жиҳати шундаки, яхши кўрсаткич қайд этганлар рағбатлантирилади, аксинча салбий кўрсаткич аниқланган ҳудудлардаги мутасаддиларга чора кўрилади.

Ким қандай ишларни амалга оширгани, ижобий ўзгаришлар қилгани ёки қўл қовуштириш ўтирганини 2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларида биламиз.

Худоёр Мелиев,
Адлия вазирлиги маъсул ходими

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид