Жаҳон | 08:30
677
2 дақиқада ўқилади

Мамлакатлар имижи рейтинги: етакчилар ва аутсайдерлар маълум бўлди

Швейцария ва Канада халқаро майдонда энг ижобий имижга эга мамлакатлар деб топилди. Democracy Perception Index 2026 тадқиқоти натижаларига кўра, айнан шу икки давлат дунё аҳолиси орасида энг юқори симпатия кўрсаткичини қайд этган.

Фото: AP

Тадқиқот доирасида 85 мамлакатда яшовчи 46 мингдан ортиқ респондент иштирок этган. Рейтинг мамлакатларга нисбатан ижобий ва салбий муносабатлар ўртасидаги фарқ асосида тузилган. Кўрсаткич қанча юқори бўлса, мамлакатнинг халқаро имижи шунча яхши ҳисобланади.

Натижаларга кўра, Швейцария ва Канада +36 балл билан рейтингнинг биринчи поғонасини эгаллади. Кейинги ўринлардан Япония (+34) ва Швеция (+33) жой олди.

Энг ижобий баҳоланган 15 мамлакатнинг аксарияти Европа давлатлари ҳисобланади. Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг ўртача кўрсаткичи +26 баллни ташкил қилган. Бироқ Франция ва Буюк Британиянинг нисбатан паст баҳоланиши (+11) умумий натижани пасайтирган.

Мутахассислар фикрича, Швейцария, Канада ва Италия каби мамлакатларнинг юқори ўринларни эгаллашига сиёсий барқарорлик, юқори турмуш даражаси, халқаро дипломатик нуфуз ва очиқ жамият модели сабаб бўлган.

Рейтингда Австралия ва Янги Зеландия ҳам юқори натижа кўрсатиб, ҳар бири +30 балл тўплаган. Осиёда эса Сингапур ва Жанубий Корея (+21) энг яхши баҳоланган давлатлар қаторига кирган.

Тадқиқотнинг эътиборли жиҳатларидан бири АҚШнинг натижаси бўлди. Дунёдаги энг йирик иқтисодиёт ва энг таъсирчан давлатлардан бири бўлишига қарамай, АҚШ -16 балл билан рейтингнинг энг қуйи бешталигидан жой олган.

Таҳлилчилар қайд этишича, АҚШга бўлган муносабат сўнгги ўн йилликда ташқи сиёсат, миграция ва халқаро можаролар фонида сезиларли даражада ёмонлашган. Натижада мамлакат рейтингда Эрон (-17) ва Ироқ (-13) каби давлатлар билан ёнма-ён жойлашган.

Рейтингнинг энг охирги поғонасидан эса Исроил ўрин олган. Мамлакатнинг кўрсаткичи -24 баллни ташкил этган. Тадқиқот муаллифлари бу ҳолатни Ғазо секторидаги можаро, шунингдек Ливан, Сурия ва айниқса Эрон билан боғлиқ ҳарбий тўқнашувлар атрофидаги халқаро баҳслар билан изоҳламоқда.

Натижада Исроил нафақат кўплаб давлатлардан, балки Афғонистон ва Шимолий Корея (-19) каби мамлакатлардан ҳам паст натижа қайд этиб, рейтингнинг энг салбий баҳоланган иштирокчисига айланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид