19:36 / 27.05.2021
14297

ЎФA президенти Ўзбекистон миллий жамоаси аъзолари билан учрашди 

Бугун, 27 май куни ЎФA президенти Aбдусалом Aзизов сафар олдидан Ўзбекистон миллий жамоаси аъзолари билан учрашди, дея хабар бермоқда ЎФА расмий сайти. 

«Футболимиз раҳбари миллий жамоамиз олдида турган мусобақаларнинг масъулияти, номзодларнинг асосий таркибга лойиқлигини исботлаши қанчалик зарурлиги, ҳар бир ўйинга сидқидилдан тайёрланиш лозимлиги ҳақида фикр билдирди. 

Ижобий натижага эришиш учун ЎФA томонидан барча зарур шароитлар тақдим этилиши таъкидланди. Ўз ўрнида Одил Аҳмедов, Элдор Шомуродов сингари жамоа етакчилари ҳам ушбу баҳслар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Aбдусалом Aбдумавлонович масъулиятли турнирда жамоага омад тилади», - дейилади хабарда.

Ўзбекистон миллий жамоаси делегацияси 28 май куни сўнгги ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун БAAга жўнаб кетади.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида ЖЧ-2022 ҳамда ОК-2023 қўшма саралаш баҳслари доирасида Саудия Арабистонида ўтадиган марказлашган турнирда Ўзбекистон миллий жамоаси Сингапур, Яман ва Саудия Арабистони жамоаларига қарши ўйинларда кейинги босқич йўлланмаси учун кураш олиб боради.

ЖЧ-2022 саралаш босқичи. D гуруҳи
7 июнь. Ўзбекистон – Сингапур. 23:00
11 июнь. Яман – Ўзбекистон. 23:00
15 июнь. Саудия Арабистони – Ўзбекистон. 23:00.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси 5 ўйиндан кейин гуруҳда Саудия Арабистондан кейинги 2-ўринда бормоқда. Вадим Абрамов шогирдлари ҳисобида 9 очко мавжуд.

Top