Жаҳон | 18:00 / 27.05.2021
20184
2 дақиқада ўқилади

Путин Лукашенкодан узр сўрамаган — Песков

Песковнинг сўзларига кўра, Россия президенти узр сўрамаган, балки беларуслик ҳамкасбини мавзудан хабардор қилган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Владимир Путин АҚШ президенти Жо Байден билан Беларусдаги вазиятни муҳокама қилгани учун ундан узр сўрагани тўғрисидаги сўзларига изоҳ берди.

Песковнинг сўзларига кўра, бу шунчаки гап ва Россия президенти узр сўрамаган, балки беларуслик ҳамкасбини хабардор қилган.

«Путин бу вазиятда ўзини виждонан тутди. У менга қўнғироқ қилиб, рухсатимсиз Беларусни муҳокама қилгани учун узр сўради», деганди Лукашенко.

«Биласизми, қоидага кўра, халқаро амалиётда учинчи мамлакат ёки унинг етакчисини ўша мамлакат раҳбарини хабардор қилмасдан муҳокама қилиш тўғри эмас. Шунинг учун буни тўғридан тўғри узр сўраш, деб тушунмаслик керак. Президент Путин беларуслик ҳамкасбини бу масала тилга олингани тўғрисида хабардор қилишни лозим топди»,— деди Песков.

Владимир Путин ва Жо Байден 26 январ куни илк марта телефон орқали мулоқот қилганди. Байден ва Путин 16 июнда Швейцариянинг Женева шаҳрида учрашиши режалаштирилган. Учрашувда томонлар икки томонлама муносабатларни, стратегик барқарорлик, пандемия муаммоларини ва дунёнинг турли бурчакларидаги ихтилофларни ҳал қилишни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид