14:42 / 28.05.2021
18548

Абдулла Арипов Беларусга ташриф буюрди ва Александр Лукашенко қабулида бўлди

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакат делегацияси Минск шаҳрига ташриф буюрди.

Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати хабарига кўра, дастлаб делегациялар раҳбарлари Беларус президенти Александр Лукашенко қабулида бўлди.

Учрашувда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашида эришилган келишувларни амалга оширишда мазкур форматдаги мулоқот муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Шундан сўнг, делегациялар раҳбарлари Беларус пойтахтидаги Ғалаба монументига гулчамбар қўйди, дейилади маълумотда.

Аввалроқ, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация Минск шаҳрида 28 май куни бўлиб ўтадиган МДҲ ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиши хабар берилганди.

МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, делегациялар раҳбарлари тор доирадаги учрашувда ҳамдўстлик доирасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиши, навбатдаги учрашув санаси ва жойини белгилаб олиши кутилмоқда.

Top