Ўзбекистон | 22:20 / 28.05.2021
7144
3 дақиқада ўқилади

Кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишни яхшилаш масалалари муҳокама қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 май куни кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш ва уларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишни яхшилаш ва уй-жой фондини янгилаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Вилоят марказлари, шунингдек, Нукус, Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида айрим мавзеларни, тажриба тариқасида, малакали бошқарув-сервис компанияларига бериш зарурлиги таъкидланди.

Ушбу компаниялар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш жорий қилинади. Хизмат кўрсатиши яхши бўлганларига объект сони кўпайтириб берилади. Барча бошқарув-сервис компанияларида 24 соат ишлайдиган буюртма бериш марказлари ташкил этилади.

Яна бир муҳим масала – кўп ҳолларда, ширкатлардаги қарздорлик хизматлар нархидаги номутаносиблик туфайли келиб чиқарди. Энди, уй-жойларни сақлашнинг минимал хизматлари ва меъёрларини маҳаллий кенгашлар аҳоли билан келишган ҳолда тасдиқлайди. Бунда, ҳудудий коммунал хизмат бошқармаси тариф параметрларини бандма-банд асослаб, қиладиган ишлари ва кўрсатадиган хизматлари бўйича режаларини тақдимот қилади.

Ижтимоий реестрга кирган эҳтиёжманд оилаларга уй-жойларни сақлашга мажбурий тўловлар учун субсидия ажратилади.

Ахборот технологиялари ва коммуни-кацияларини ривожлантириш вазирлигига шу йил 1 октябрдан бошлаб мажбурий тўловларни биллинг тизимида амалга ошириш бўйича ягона электрон платформани ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Янги қурилган 3 мингта кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилиб, улар учун бошқарув компаниялари ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.

«Инсоннинг яшаш шароити яхши бўлмаса, оиласида тинчлик, ишида унумдорлик бўлмайди. Менинг энг катта ташвишим - лойиҳа сифатли эмас. Агар қурилишда коррупция омилларини йўқ қилиб, иқтисод нуқтайи назаридан халқнинг пули назоратини кучайтирсак, натижа бошқача бўлади», - деди давлат раҳбари.

Жорий йилда авария ҳолатидаги 212 та икки қаватли уйларни реновация асосида янгидан қуриш режалаштирилган. Шунингдек, жорий йилда 456 та авария ҳолатидаги икки қаватли уйларни таъмирлаш ишлари якунига етказилади. Бундан ташқари, бу йил 2 минг 400 та, келгуси икки йилда 4 минг 100 та кўп квартирали уйларни таъмирлаш керак.

Мавзуга оид