Жамият | 16:50 / 29.05.2021
53938
4 дақиқада ўқилади

Тойлоқда мактаб директори ўринбосари кўпчиликнинг кўз ўнгида калтакланди

Тойлоқ туманидаги 59-умумтаълим мактабининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари 26 май куни ўқувчининг қариндошлари томонидан калтакланган. Kun.uz ҳолатни ўрганиш учун Тойлоқ туманида бўлди.

Воқеага гувоҳ бўлган мактаб директори Ноила Қамбариддинова мазкур нохуш ҳолат бевосита унинг кўз ўнгида, хонасида содир бўлганини тасдиқлади.

Қамбариддинованинг маълум қилишича, 26 май куни мактаб ўқувчилари имтиҳон топшириши керак бўлган. Хусусан, 9-синф битирувчиларининг имтиҳонлари давлат аттестацияси асосида ўтказилиши кўзда тутилган. Қоидага кўра, ёзма имтиҳонлар эрталаб соат 8да ўтказилиши лозим бўлса-да, бир қанча ўқувчилар келмаган. Шундан сўнг улар уйидан чақиртириб келинган.

«Кечикиб келган ўқувчиларга масъулиятни ҳис қилишмагани учун танбеҳ бердик. Чунки бошқа ўқувчилар ҳам кутиб қолишганди. Шу вақт 9-«А» синф ўқувчиси Ш.А. ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Аббос Султоновга қараб: «Менга сенинг имтиҳонинг умуман керак эмас, имтиҳонсиз ҳам яшайвераман», деб мактабдан чиқиб кетди. Бошқа ўқувчилар имтиҳонга киришди.

Ўқувчи барибир имтиҳонга кириши лозим. Шу сабабли ота-онасини мактабга чақиртириш учун Ш.А. нинг уйига ўқитувчиларни жўнатдим. Хонамда Ш.А.нинг отаси иштирокида суҳбатлаша бошладик. Бола отасининг гувоҳлигида қўпол муомаласи учун узр сўраётган вақтда хонага икки йигит кириб келди-да (бири – Ш.А.нинг амакиваччаси, исми Муҳаммад) Султоновга ташланишди.

Уни бурчакка тираб уришаётганда шкафнинг ойнаси синди ва орқасини кесиб кетди. Шундан сўнг хонага ҳамма йиғилиб келди ва зўравон йигитлар чиқиб кетди», – деди мактаб директори Ноила Қамбариддинова.

Султонов жароҳат олгач, тез тиббий ёрдам ва профилактика инспекторига хабар берилган. Директор ўринбосари туман тиббиёт бирлашмасига олиб кетилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилган.

Айни вақтда директор ўринбосари Аббос Султонов уйида, амбулатор шароитда даволанмоқда. У билан телефон орқали боғландик.

«Қачонгача ўқитувчи ҳурматсиз бўлиши керак? Ўқитувчи нафақат ўқувчининг беписандлиги, қўполлигига, қолаверса ота-онаси ва яқинларининг таҳдидига ҳам чидашга мажбур бўляпти. Бунақа маломатга қолаверсак, ҳеч қачон обрўйимиз ошмайди.

Очиғини айтаман, кўчада бундай ҳолатга тушганимда кечиришим мумкин эди. Бу зўравонларнинг қилмишини ўзимга эмас, ўқитувчиларга қилинган таҳдид, деб ҳисоблайман», – деди Аббос Султонов.

Туман тиббиёт бирлашмаси Султонов бир кун шифохонада ётгани, унинг елка қисмига уч сантиметргача кесилиб, санчилган жароҳат етганини билдирди.

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати ҳолат назоратга олингани, терговга қадар текширув олиб борилаётгани, жабрланувчига тиббий экспертиза тайинланганини маълум қилди.

Экспертиза хулосасига қараб, вазиятга ҳуқуқий баҳо берилиши айтилди.

Таъкидлаш керак, бу – ўқитувчига ўқувчининг яқинлари томонидан босим ўтказилиши ёки калтакланиши билан боғлиқ сўнгги вақтлардаги биринчи ҳодиса эмас.

Апрел ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 134-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси, май ойи бошида Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги 33-мактаб директор ўринбосари калтакланганди.

Мавзуга оид