22:15 / 01.06.2021
49511

100 йилдан бери «ёпиқ қолаётган қозон»: Тулса қатлиоми қандай рўй берган?

Бундан роппа-роса 100 йил олдин, 1921 йил 31 май ва 1 июнь кунлари АҚШнинг Оклаҳома штатида жойлашган Тулса шаҳарчаси мамлакат тарихидаги энг мудҳиш қирғинлардан бирининг гувоҳига айланганди.

McFarlin Library / The University of Tulsa / AP / Scanpix / LETA

1921 йил Оклаҳомадаги умумий муҳит қандай эди?

1921 йил Оклаҳома штатида ирқий, ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан кескин атмосфера ҳукм сурарди. Биринчи жаҳон урушидан кейин кўплаб аскарлар қайтиб келганди. Гарчи 1865 йилда тугаган бўлса-да, Америка фуқаролар уруши ҳамон одамлар онгида янги бир хотира сифатида сақланиб турганди. Имконларидан маҳрум этилган инсонлар эса фуқаролик ҳуқуқларидан ҳам мосуво эди. Боз устига, «Ку-Клукс-Клан» қайта тикланганди.

Ривожланган нефть шаҳри Тулсада олий маълумотли афроамерикаликлар иқтисодий жиҳатдан фаровон яшарди. Ушбу элементларнинг бирлашуви кейинчалик содир бўлувчи кескинликнинг авж олишида муҳим рол ўйнади.

Шимолий Оклаҳома аксарияти собиқ қуллар бўлган туб аҳоли вакилларини жануби-шарқдан кўчириш учун ташкил этилганди. Оклаҳома 1907 йил 16 ноябрда штатга айлангач, янги штатнинг қонун чиқарувчи органи Жим Кроу қонунлари деб номланувчи ирқий айрим тўғрисидаги қонунларни биринчи бўлиб қабул қилади.

«Ҳануз тутун ҳидини ҳис қиляпман»

Тулса қирғинидан омон қолган сўнгги гувоҳлардан бири Виола Флетчер бугун 107 ёшда.

Флетчер АҚШ Конгрессидаги чиқишида орадан 100 йил ўтган бўлса ҳам бошидан кечирганларини ҳамон унута олмаслигини таъкидлади. «Ҳануз тутун ҳидини ҳис қиляпман. Мен адолат истайман... Тулсада 1921 йилда содир бўлган воқеани мамлакатим қабул қилишини истайман», деди у.

Камида 300 нафар афроамерикалик ўлдирилган ва минглаб қора танлиларнинг уйлари ва иш жойлари ёқиб юборилган ушбу воқеалар 1921 йил 31 майда бошланган.

Воқеалар ривожи

Учқун олов олишига сабаб бўлган воқеа, аслида, ёлғонга асосланган бир миш-миш эди. Ўшанда шаҳарда қора танли йигит лифтда бир оқ танли қизга тегажоғлик қилгани ҳақидаги гап-сўзлар айлана бошлайди.

Айбланувчи йигит Дик Роулэнд ҳибсга олинади, суд биноси олдида шаҳарнинг оқ танли аҳолиси линч суди ўтказиш учун тўпланиб, шерифдан уни топширишни талаб қилишади. Йигитни ҳимоя қилиш учун 70 нафар атрофидаги афроамерикаликлар қурол кўтариб келишади. Лекин сон жиҳатдан кўп бўлган оқ танлилар қуролли тўқнашувда устун келишади.

Шундан кейин юзлаб оқ танлилардан иборат гуруҳ Тулса шимолидаги, бой қора танлилар яшайдиган Гринвуд маҳалласига бостириб боради ва аҳолини ўққа тутиб, биноларга ўт қўя бошлайди. Минглаб қора танлилар уйларидан ҳайдаб чиқарилади.

Гувоҳларнинг айтишича, оломон уйларни ёқиб юбораётган бир пайтда енгил моторли самолётлардан ҳам олов бомбалари ташланган, бу ҳаракатларда уруш фахрийлари фаол иштирок этган.

Ўнлаб тижорий биноларга ўт қўйилади — дўконлар, ресторанлар, кафе ва бошқа муассасалар, — бир қанча черковлар, мактаблар, шифохоналар ва мингдан ортиқ уйлар. Хунрезлик фақат 1 июнь кунининг иккинчи ярмига келиб Миллий гвардия кучлари томонидан тўхтатилади.

Газеталардаги дастлабки хабарларда ўнлаб қурбонлар ҳақида ёзилади — асосан қора танлилар ва отишма вақтида ҳалок бўлган бир неча оқ танлилар. Аммо кейинги текширувларда қурбонлар сони камида 300 киши бўлгани, минглаб кишилар яралангани маълум бўлади. Афроамерикаликлар орасидаги талафотларни ҳисоблашни шаҳарнинг шимолидаги шифохоналарга ҳам ўт қўйиб юборилгани қийинлаштиради.

Кейинги ўн йиллар давомида Тулсадаги воқеа тарихдан ўчириб юборилади: қирғин ҳақида газеталарда ёзилмайди ва мактабларда тарих дарсларида эсланмайди. Тулсада яшаб келган афроамерикаликлар шаҳарни тарк этишади, шаҳардаги қора танли аҳоли камайиб боради.

Қирғин ҳақидаги расмий текширув воқеалардан 75 йил ўтиб, 1996 йилда бошланади, бу вақтда гувоҳлардан ҳеч ким қолмаганди. Оклаҳомада тарих дарсликларига Тулсадаги қирғин воқеалари фақат 2020 йилга келиб киритилади.

Ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган

Юзлаб одамлар ҳаётига зомин бўлган Тулса қирғини айбдори сифатида бирор одам ҳибсга олинмайди. Ушбу воқеадаги қотиллик, талон-торож қилиш ёки вайронгарчиликлар учун ҳеч ким жиноий жавобгарликка тортилмайди. Шунингдек, воқеаларга томошабин бўлган полиция амалдорлари ҳам Америка фуқароларини ҳимоя қилмагани учун жавобгарликка тортилмайди.

«Қирғиндан кейин қора танлилар ҳам худди оқ танлилар каби ушбу воқеаларни яширишди, чунки улар тирик қолиш ҳақида ўйлашлари керак эди. Улар бу ҳақда оғиз очиш айни воқеанинг қайтадан содир бўлишини англатишини, бу эса чидаб бўлмас даражада оғриқли эканини айтишарди», дейди ҳудуднинг тарихий меросини сақлаб қолиш учун ташкил этилган Гринвуд маданият марказининг дастур координатори Мехел Браун.

Аммо Тулса ирқий қирғинининг 100 йиллиги арафасида шаҳар ўз ўтмиши билан юзлаша бошлади.

Гарчи коронавирус эпидемияси сабабли қазиш ишлари кечиктирилган бўлса-да, воқеа қурбонларининг қабрларини топиш ва уларнинг шахсини аниқлаш мақсадида комиссия тузилди.

Оклаҳома штатидаги мактабларда Гринвуд тарихини ўқув дастурига киритиш бўйича режалар тузилди. Маҳаллани маданий ва сайёҳлик ҳудуди сифатида тарғиб этишга қарор қилинди.

Трампнинг Гринвудга сафари нима учун қаршиликка учраганди?

Штатнинг республикачи губернатори Кевин Ститт 2020 йил сайлов митингидан олдин президент Трамп ва унинг ўринбосари Майк Пенсни Гринвуд сафари учун таклиф қилади. Аммо аҳоли бундан қаттиқ ғазабланади.

Улар президентни Миннеаполисда оқ танли полиция зобити томонидан Жорж Флойднинг ўлдирилиши ортидан ташкил қилинган норозилик намойишларига қарши куч ишлатишда айблашади. Тулса шаҳрининг баъзи аҳолиси эса президентнинг Гринвудга ташрифини ҳурматсизлик деб билади.

«Бу одамларнинг штатимизга келиши, устига устак, маҳалламизгача кириб келиб, Гринвуд маданият марказини зиёрат қилиши бизни хавотирга соляпти. Улар бу билан худди уйимизнинг ичигача бостириб киргандай бўлишади. Биз қирғиннинг 100 йиллиги арафасида турибмиз ва Гринвуд энди машҳур сайёҳлик марказига айланди. Шаҳримиз ва штатимиз буни рағбатлантиради, аммо бу биз азоб чеккан нарсалардан пул ишлаш, қадр-қимматимизга эса ҳеч қандай аҳамият бермасликдир», дейди Тулса қирғинидан бобоси ва бувиси омон қолган, отаси эса ушбу воқеалардан бир неча ой ўтгач дунёга келган Тереза Адунис.

Адунис, шунингдек, ваъда берилганига қарамай, қирғиндан омон қолганларга ҳеч қандай товон пули берилмагани ва шаҳардаги ижтимоий ва иқтисодий бўшлиқларни бартараф этиш учун олдинга қадам ташланмаётганидан ғазабланади.

Гринвуд қора танлиларнинг иқтисодий муваффақияти эди

Гринвуд 1921 йилги қирғиндан олдин Black Wall Street (Қора девор кўчаси) номи билан танилган бўлиб, 300га яқин иш жойига эга бўлган энг бой қора танлилар маҳалласи эди.

Шунингдек, маҳалла афсонавий жаз пианисти Граф Басининг ижодига чуқур таъсир кўрсатган жаз маркази эди.

1921 йилги қирғиндан омон қолган Гринвуд аҳолиси ўз маблағлари билан, яъни давлат томонидан ҳеч қандай ёрдам ва товон пули олмасдан маҳаллани тиклайдилар. Шундан сўнг минтақада бир мунча вақт жонланиш ҳукм суради. Аммо у ҳеч қачон аввалги ҳолига қайтмайди. Бугун эса бир неча тарихий биноларни ҳисобга олмаганда, бу минтақада ободлик ва фаровонликдан асар ҳам қолмаган.

Отабек Тиллаев тайёрлади

Top