Жаҳон | 08:42 / 02.06.2022
14579
2 дақиқада ўқилади

Оклаҳомадаги шифохонада юз берган отишмада бир неча киши ҳалок бўлди 

Талса шаҳридаги Авлиё Франциск касалхонаси кампусида номаълум шахс томонидан уюштирилган отишма натижасида тўрт киши, жумладан жиноятчининг ўзи ҳам ҳалок бўлди. Бир неча киши яраланган.

Фото: Reuters

АҚШнинг Оклаҳома штатидаги Талса шаҳрида 1 июнь, чоршанба куни қуролланган номаълум шахс Авлиё Франциск касалхонаси кампусида ўт очди. Натижада, полиция маълумотларига кўра, камида тўрт киши ҳалок бўлган. Улар орасида жиноятчининг ўзи ҳам бор, у афтидан ўзига жароҳат етказган. 

Хабар эълон қилинган пайтда яраланганларнинг аниқ сони номаълумлигича қолмоқда. Уларнинг сони ўн нафарга яқин экани ва баъзилари отишмадан эмас, балки қочишга уринган пайтда жароҳат олган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган. 

Талса шаҳри полиция департаменти бошлиғи ўринбосари Эрик Далглиш матбуот анжуманида касалхона ҳудудидаги отишма ҳақида хабар кечки соат бешларда келиб тушганини айтди. Фожиа жойига тиббий бинонинг учинчи қавати айланди, у ерда амбулатор жарроҳлик маркази ва кўкрак касалликлари маркази жойлашган. Полиция ҳужум қилган шахс уни тасодифан танламаган деб тахмин қилмоқда. 

Жиноятчи тўппонча ва узун милтиқ билан қуролланган бўлиб, иккала қуролдан ҳам фойдаланган. Айни вақтда гувоҳлар билан суҳбатлар давом этмоқда ва полиция «гумонланувчининг шахсини аниқлашга яқин». 

Тахминан икки ҳафта олдин, 24 май куни Техаснинг Ювалд шаҳридаги Robb Elementary School мактабида содир бўлган отишмада 19 нафар бола ва икки ўқитувчи ҳалок бўлган эди. Яна 13 нафар бола турли даражада тан жароҳатлари олди. 

Ҳужум қилган 18 ёшли маҳаллий фуқаро Сальвадор Рамос полиция томонидан отиб ўлдирилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид