22:13 / 01.06.2021
16893

Карло Анчелотти — «Реал» бош мураббийи

Италиялик 61 ёшли мутахассис «Эвертон» билан шартномасини бекор қилди ва Мадрид клуби билан 2024 йил ёзигача мўлжалланган битим имзолади.

Фото: Getty Images

«Эвертон» бош мураббийи Карло Анчелотти Мадриднинг «Реал» клубини бошқарадиган бўлди.

«Карло Анчелотти кейинги уч мавсумда асосий жамоанинг янги бош мураббийи бўлади», — дейилади «Реал» матбуот хизмати хабарида.

Анчелотти «Реал»ни 2013-2015 йилларда ҳам бошқарганди. У ўшанда биринчи мавсумида клубни Чемпионлар лигаси ғолибига айлантирган, бу чемпионлик мадридликлар учун тарихдаги 10-чемпионлик, 2002 йилдан буён биринчиси бўлганди. Унинг бошқаруви даврида жамоа клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати, Испания Кубоги ва Суперкубогида ҳам ғолиб бўлган.

Карло бош мураббийликдан кетгач «Бавария» ва «Наполи» жамоаларида ишлаган, 2019 йилдан буён «Эвертон»ни бошқариб келаётганди.

Якунланган мавсумда «Реал» Испания чемпионатида «Атлетико»дан ортда қолиб иккинчи ўринни эгаллади. «Қаймоқранглилар» 38 ўйинда 84 очко жамғарди ва сўнгги тургача чемпионлик учун курашда қолди, аммо «матрасчилар» ҳам ҳал қилувчи турда ўз ўйинида ғолиб бўлиб, биринчи ўринни сақлаб қолди. Чемпионлар лигасида «Реал» ярим финалгача етиб борди ва икки учрашув натижасига кўра «Челси»га мағлуб бўлди (1:1, 2:0). Мадридликлар Испания Кубогини 1/16 финалдаёқ тарк этишганди.

Мавсум якунида 2019 йилдан буён жамоани бошқариб келган Зинедин Зидан ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқди. ОАВда унинг ўрнига даъвогар номлар қаторида Антонио Конте, Массимилиано Аллегри, Рауль, Йоахим Лёв ва Маурисио Почеттино номзодлари саналганди. 

Top