09:26 / 03.06.2021
10328

Исроилда 12 йил ичида илк бор Нетаняҳусиз ҳукумат шакллантирилди

Фото: AP

Исроилда 12 йил ичида илк бор Бинямин Нетаняҳусиз коалицион ҳукумат шакллантирилди. Агар ҳукумат тасдиқланса, амалдаги бош вазир Нетаняҳу ўз лавозимини тарк этишига тўғри келади.

Исроилнинг мухолиф партияси «Йеш атид» етакчиси Яир Лапид Исроил президенти Реувен Ривлинга ротация асосида ишловчи янги ҳукуматни шакллантиришга муваффақ бўлганини маълум қилди. Ушбу ҳукуматда бош вазир лавозимини дастлаб «Ямин» партияси етакчиси Нафтали Беннет, 2 йилдан кейин эса Лапид эгаллайди.

Шу билан бирга, янги ҳукумат таркиби расман кучга кириши учун уни президент тасдиқлаши ва парламент маъқуллаши керак бўлади.

Исроил президенти девонхонасида маълум қилинишича, янги ҳукуматни бир нечта партиялар, жумладан, «Йеш атид», «Ямина», «Кахол-Лаван», «Авода» ва бошқалар қўллаб-қувватлайди.

2009 йилдан бери Исроил бош вазири лавозимини эгаллаб келган Бинямин Нетаняҳу Беннет-Лапид ҳукумати мамлакатни фалокатга олиб келишини ва ташқи таҳдидларга дош беролмаслигини, жумладан, ҲАМАС ва Эронга қарши кураша олмаслигини айтган.

Нетаняҳу март ойида Исроил парламенти – кнессетга ўтган сайловларда ҳукуматни биринчи бўлиб шакллантириш ҳуқуқини қўлга киритган, бироқ парламентдаги кўпчилик қўллаб-қувватловини ололмаган. Шундан кейин ҳукуматни шакллантириш ҳуқуқи Яир Лапидга ўтган.

Top