14:24 / 04.06.2021
9750

Журналистлар ижодий уюшмасига янги раис сайланди 

Олимжон Ўсаров

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига янги раис сайланди. Бу ҳақда уюшма хабар берди.

Бугун, 4 июн куни пойтахтдаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг навбатдан ташқари конференция йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. «Халқ сўзи» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборов «Нуроний» газетаси бош муҳаррири Олимжон Ўсаров номзодини уюшма раиси лавозимига илгари сурди. Конференция иштирокчилари Олимжон Ўсаровни Журналистлар ижодий уюшмасининг янги раҳбари этиб сайлади.

О.Ўсаров 1973 йил Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини (1996), Тошкент Давлат юридик институтининг суд-прокурорлик факультетини (2002) тамомлаган. 

Олимжон Ўсаров Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Олий суд ахборот хизмати раҳбари лавозимларида фаолият кўрсатган. У шу пайтга қадар «Нуроний» газетаси бош муҳаррири сифатида ишлаб келаётган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси сифатида ишлаб келган журналист ва шоир Саъдулла Ҳакимов 2020 йил октябр ойида 69 ёшида вафот этди.

Top