Иқтисодиёт | 21:45 / 04.06.2021
19197
2 дақиқада ўқилади

Вазирлик расмийси МИХни энг кам иш ҳақига боғлаш ҳақида фикр билдирди

Маълум қилинишича, минимал истеъмол харажатлари 440 минг сўм дейилгани – дастлабки ҳисоб-китоблар натижаси бўлиб, бу рақам йил охиригача ўзгариши мумкин.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқармаси бошлиғи Абдумалик Жалилов Ўзбекистонда жорий қилинаётган янги концепция – минимал истеъмол харажатлари юзасидан қўшимча тушунтириш берди.

«440 минг сўм дея қабул қилинган рақам узоқ ўрганишлар, сўровлар натижасида ҳисоб-китоб қилиб чиқарилган. Таъкидлаш жоиз, бу дастлабки ҳисоб-китоблар бўлиб, йил якунига қадар бу рақам ўзгариши мумкин», – деди у «Хулоса ўзингиздан» кўрсатувидаги чиқишида.

Вазирлик расмийсининг сўзларига кўра, минимал истеъмол харажатлари меъёрини минимал иш ҳақи билан боғлаш чуқур ўрганишларни ўтказишни талаб этади.

«Сабаби, камбағалликни қисқартиришнинг асосий инструментларидан бири доимий ва сифатли иш ўринларини яратиш ҳисобланади, энг кам ойлик иш ҳақининг ошиши эса бизнес томонидан иш ўринларини қисқартириш ёки хуфиёна иқтисодиётга ўтишни рағбатлантириши мумкин.

Шунинг учун ҳам минимал истеъмол харажатлари меъёрини минимал иш ҳақи билан тўғридан тўғри боғлашдан олдин меҳнат бозорини комплекс тадқиқ қилиш талаб этилади», – дея Абдумалик Жалиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 31 май куни республика аҳолисининг минимал истеъмол харажатлари миқдори дастлабки ҳисоб-китобларга кўра киши бошига бир ойда 440 минг сўм экани эълон қилинди.

Мавзуга оид