16:00 / 07.06.2021
7718
Реклама

Huawei компанияси Green Uzbekistan лойиҳасини давом эттирмоқда

2020 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги акселератор лабораторияси Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштириш бўйича краудфандинг (оммавий маблағ тўплаш) тадбирини бошлади ва бу тадбир доирасида мамлакатдаги ҳар бир фуқаро, ташкилот ва компания қурғоқчил ҳудудларда саксовул кўчатларини экишда ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

Ўтган йили Huawei Uzbekistan компанияси Green Uzbekistan ташаббусини илгари сурган эди ва унинг доирасида компания Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги Green Aral Sea номли лойиҳасига қўшилганди. Мазкур лойиҳа Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштириш орқали иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва Қорақалпоғистон аҳолисининг турмушини яхшилашга қаратилган.

“Лойиҳа ишга туширилган вақтдан бошлаб Huawei уни дарҳол қўллаб-қувватлади ва деярли 20 мингга яқин кўчатларни ўтқазишда ёрдам бериб, “Яшил Чемпион” бўлди. Биз лойиҳада фақатгина бир марта иштирок этиш билан чекланиб қолмаймиз, бу йил биз ўз компаниямиз томонидан экилган кўчатлар сонини 30 мингтага етказмоқчимиз ва келгуси 10 йил ичида Орол денгизи туби ҳудудларининг яшил тусга киришига ўз ҳиссамизни қўшишни давом эттирмоқчимиз. Яқинда БМТ Бош ассамблеяси Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш ҳақида махсус қарор қабул қилиб, унда Оролбўйи минтақасининг экологик, ижтимоий ва иқтисодий ҳолатини яхшилашга қаратилган қатор чора-тадбирлар ва ташаббусларни белгилаб қўйди. Ўйлайманки, бизнинг компаниямиз қўшган арзимас ҳисса ҳам минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича умумий ишга катта фойда келтириши мумкин”, – дея таъкидлади Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги директори Лю Цзясин.

Huawei Uzbekistan  жамоаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги вакиллари билан биргаликда Мўйноқдан 85 км узоқликда жойлашган ва лойиҳа амалга оширилаётган 100 гектарлик алоҳида ер участкасига ташриф буюришга муваффақ бўлди.

“Биз Орол денгизига, аниқроғи қачонлардир денгиз бўлган жойга етиб келдик. Ўша ерда турибгина, ўзгаришларнинг бутун кўламини ва экологик фожиа оқибатларини тўлиқ англаб етар экан киши. Aйнан шу туфайли ҳам биз ушбу минтақага кўпроқ эътибор қаратишга қарор қилдик. Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштириш – биз ўз ҳиссамизни қўшишни истаган йўналишлардан бири холос, бундан ташқари биз ушбу минтақада рақамли технологияларни жорий этиш бўйича катта лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, Қорақалпоғистоннинг AКТ соҳасидаги салоҳиятини аниқлаш, ёшларнинг IT-технологияларга бўлган қизиқишларини ошириш, ҳамда, алоқа операторлари учун “green” ечимларни тақдим этиш учун бел боғладик”, – деб айтди корпоратив алоқалар департаменти раҳбари Даврон Aзизов.

Green Uzbekistan лойиҳаси Huawei компанияси томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ягона лойиҳа эмас. Май ойининг бошида Huawei компанияси ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) 5G технологиялари, нарсалар Интернети (Internet of Things – IoT), ақлли датчиклар ва катта маълумотларга интеллектуал ишлов бериш платформалари асосида маълумотларни бошқариш, мониторинг қилиш ва қайта ишлаш тизимларидан фойдаланган ҳолда “ақлли” қишлоқ хўжалиги лойиҳасини ишга туширдилар. Мазкур лойиҳа Ўзбекистондаги табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган.

Реклама ҳуқуқи асосида

Top