01:04 / 08.06.2021
17902

ЖЧ-2022 саралаши. Ўзбекистон Сингапурни йирик ҳисобда енгди

Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 саралаши 2-босқичидаги 6-тур ўйинида Сингапур дарвозасига жавобсиз 5та гол урди.

Биринчи бўлимда Жалолиддин Машарипов дублга эришган бўлса, Элдор Шомуродов бўлимнинг сўнгги дақиқаларида ҳисобни йириклаштирди.

Иккинчи бўлим бошида Одил Аҳмедов ҳам ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди. Шунингдек, ўйин охирида яна бир гол Ирфон Фанди номига автогол сифатида ёзилди.

Ўйин давомида Ўзбекистон миллий жамоасининг икки футболчиси - ҳимоячи Ҳусниддин Алиқулов (биринчи бўлимда) ҳамда яримҳимоячи Ҳожимат Эркинов (иккинчи бўлимда) жароҳат олиб майдонни тарк этишга мажбур бўлишди.

Бу ғалабадан сўнг Ўзбекистон очколарини 12тага етказиб, пешқадам Саудия Арабистонини (14) қувишда давом этмоқда. Шунингдек, Вадим Абрамов жамоаси гуруҳда камида 2-ўринни қўлга киритишни кафолатлади. Кейинги поғоналардаги Фаластин (7) ва Сингапур (7) қолган бир ўйинида ғалаба қозонишса ҳам, Ўзбекистонга ета олишмайди.

ЖЧ-2022 саралаши. Осиё
2-босқич. D гуруҳи

Ўзбекистон — Сингапур 5:0
7 июнь, «Қирол Фаҳд» (Риёд) 
Голлар: Машарипов (6, 34), Шомуродов (45+1), Аҳмедов (50), Фанди (89, автогол).
Ўзбекистон — Санжар Қувватов, Олег Зотеев, Умар Эшмуродов, Ислом Қобилов, Ҳусниддин Алиқулов (Ҳожиакбар Алижонов, 45), Икром Алибоев, Отабек Шукуров (Одил Ҳамробеков, 55), Одил Аҳмедов, Жалолиддин Машарипов (Фаррух Икромов, 55), Достон Ҳамдамов (Ҳожимат Эркинов 46, Темурхўжа Абдуҳолиқов 61), Элдор Шомуродов.
Сингапур — Маҳмуд, Назрул (Ануар, 46), Моҳана (Зулқарнайн, 67), Ҳайзан, Ҳамза, Сужад (Фанди, 29), Сулаймон, Ҳанапи, Моҳд (Ҳами, 46), Ҳалим (Акбар, 71), Рамли. 
Огоҳлантиришлар: Ҳайзан (10), Шукуров (12), Моҳд (34), Ҳамза (50), Ҳамробеков (59), Қобилов (90+1).

Top