Жаҳон | 20:43 / 11.06.2021
10613
2 дақиқада ўқилади

Муаммар Қаззофийнинг ўғли Ливия президенти сайловларида иштирок этмоқчи

Фото: REUTERS / Саиф ал-Ислом Қаззофий

Ливиянинг собиқ етакчиси, 2011 йилдаги фуқаролик урушида ўлдирилган Муаммар Қаззофийнинг ўғли Саиф ал-Ислом Қаззофий сиёсатга қайтиб, Ливияда декабрда ўтадиган президент сайловларига ўз номзодини илгари сурмоқчи. Бу ҳақда унинг ўзи The Times инглиз нашри журналистларига маълум қилди.

2011 йилдан бери деярли оммавий кўриниш бермаган Саиф ал-Ислом журналистлар билан телефон суҳбатида яхши эканини ва айни вақтда ўзи ҳақида эслатиш ҳамда алоқаларни тиклаш мақсадида бошқа давлатлар дипломатлари билан боғланаётганини айтган. Унинг манфаатларини билдирувчи ва номидан ҳаракат қилувчи маслаҳатчилар гуруҳининг таъкидлашича, Қаззофийнинг ўғли мавриди келганда бу борада расмий баёнот беришни режалаштирмоқда. Бироқ уларнинг айтишича, Саиф ал-Ислом 24 декабрда ўтадиган сайловларда иштирок этмоқчилигини сайловлар ҳақидаги қонун ратификация қилинмагунча расман эълон қила олмайди. Акс ҳолда Қаззофийнинг рақиблари қонунга унга сайловларга ўз номзодини қўйишини тақиқловчи бандни қўшишга уринишлари мумкин.

Саиф ал-Ислом Ливия президенти сайловларида иштирок этишга тайёрлигини Тунисда яшаган вақтида – 2018 йил мартида эълон қилган. Ўшанда у ўз номзодини Ливиянинг Озодлик халқ фронтидан илгари сурмоқчилигини айтган. Бироқ Саиф ал-Ислом ҳамон халқаро қидирувда бўлиб, унинг ҳибсга олинишига ордер 2011 йилда Халқаро жиноий суд томонидан берилган. У ҳарбий давр жиноятларида айбланмоқда. Бундан ташқари, унга Ливиянинг ўзида ҳам шу сабабларга кўра ҳибсга олиниш хавф солмоқда.

Бироқ инглиз нашрининг Саиф ал-Исломга яқин манбаларга таяниб таъкидлашича, у ҳамюртлари отаси Муаммар Қаззофий ҳокимияти вақтида мамлакатда ҳукм сурган барқарорликни қўмсаб, улар томонидан ўзининг қўллаб-қувватланишига умид қилмоқда.

Саиф ал-Ислом Қаззофий 1972 йилда туғилган. У Муаммар Қаззофийнинг иккинчи ўғли ҳисобланади. Маълумотларга кўра, у ҳозирда Ливия миллий армияси томонидан назорат қилинувчи Аз-Зинтан шаҳрида яшамоқда.

Мавзуга оид