Жаҳон | 21:30 / 15.06.2021
4951
2 дақиқада ўқилади

Алиев ва Эрдўған иттифоқчилик муносабатлари ҳақидаги декларацияни имзолади

Озарбойжон ва Туркия президенти Илҳом Алиев ва Ражаб Тоййиб Эрдўған Тоғли Қорабоғнинг Шуша шаҳрида иттифоқчилик муносабатлари ҳақидаги декларацияни имзолади. Алиев ушбу ҳужжатнинг имзоланишини тарихий ютуқ деб атади.

Фото: azertag.az

«Бугун тарихий кун. Бугун Туркия президенти, менинг оғам Ражаб Тоййиб Эрдўғанни озод қилинган Шушада қабул қилмоқдамиз. Менинг оғам Озарбойжонда кўп бўлган, бироқ Шушага биринчи марта келиши. Бугун биз имзолаган иттифоқчилик ҳақидаги қўшма декларация муносабатларимизни энг юқори даражага кўтаради. Ушбу декларациянинг барча бандлари кейинги ҳамкорлигимизнинг кафолати ҳисобланади», деб айтган Озарбойжон раҳбари.

Унинг таъкидлашича, Озарбойжон ва Туркия жаҳон саҳнасида энг яқин давлатлар ҳисобланади, уларнинг бирдамлиги тарих, маданият, умумий илдизлар, тил, дин, миллий қадриятлар ва манфаатлар билан тушунтирилади.

Алиев Шуша декларациясининг муҳим бандлари икки давлатнинг ҳарбий соҳадаги ҳамкорлиги ҳисобланишини айтган. 

«Декларацияда халқаро даражадаги ҳамкорлик каби муҳим масалалар, сиёсий, иқтисодий, савдо муносабатлари, маданият, таълим, спорт, энергетик хавфсизлик, Жанубий газ йўлаги аҳамияти акс этган. Барча масалалар муҳим, лекин улардан иккитасига тўхталиб ўтмоқчиман. Бу Озарбойжон ва Туркиянинг мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорлиги ва ўзаро ҳарбий кўмак», деб таъкидлаган Алиев.

Озарбойжон раҳбари ҳужжатнинг имзоланишини тарихий ютуқ деб атаган.

Ўз навбатида, Эрдўған Шушада Туркиянинг бош консулхонаси очилишини маълум қилган.

15 июнда Туркия президенти Тоғли Қорабоғдаги охирги воқеалар вақтида Боку томонидан қайтиб олинган Шушага ташриф билан келди. Эрдўған Шушада тантанали кутиб олинди ва шаҳар бўйлаб Алиев билан бирга айланди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид