19:18 / 16.06.2021
10833

Президент талабалар ётоқхонаси бўйича муаммоларга тўхталди 

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим тизимидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. 

Телеграмдаги «Микрофон кўтарган аёл» канали хабар беришича, давлат раҳбари талабалар ётоқхонаси бўйича муаммоларга тўхталиб ўтган.

«Ётоқхона ўринлари сонини ошириш ҳисобига қўшимча 22 минг, ижара тўловини қоплаш орқали 60 мингдан зиёд талабаларнинг турар жой масаласи ҳал этиб берилди ва бунга жорий йилда бюджетдан 50 миллиард сўм ажратилади.

Ҳозирда талабаларда қўшимча 149 мингта турар жойга эҳтиёж мавжуд. Ушбу муаммоли масалани тадбиркорлар билан хусусий шериклик орқали тезда ҳал қилиш мумкин. 

Бўш майдони бўлган олийгоҳлар ўз ҳудудида, бўш майдони бўлмаганлари 1,5 километргача масофада тадбиркорларга ётоқхоналар ташкил этиш учун ер аукцион орқали ажратилади. 

Олийгоҳ ректори, вилоят ҳокимлари тадбиркорлар билан камида 20 йил муддатга шартнома имзолайди, бинонинг 1-2 қаватини бизнес учун (кўнгилочар хизматдан ташқари) тадбиркорга бериш, юқори қаватларини арзон турар жой (ҳостел) ташкил этиш шартлари белгиланади. Талабаларнинг турар жойи харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.

Бу тадбиркор учун – кафолатли мижоз, биринчи ва иккинчи қаватидаги бизнеси учун катта бозор, талаба учун – қулай ва арзон шароит, олийгоҳга эса – маблағни тежаш ва  уларнинг таълим сифатини ошириш учун йўналтиришга катта имконият», деган давлат раҳбари. 

Президент вилоят ҳокимларига бир ҳафта муддатда талабаларга қулай ҳудудларда ётоқхоналар қуриш бўйича ер майдонларини белгилаб, аукционга чиқариш бўйича кўрсатма берган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласи 2021 йил февраль ойида Тошкент шаҳрида ижарада яшаган беш нафар талаба ис газидан заҳарланиб вафот этганидан сўнг кун тартибидаги мавзуга айланди.

Top