10:12 / 16.06.2021
11139

Тошкент ахборот технологиялари университети ректори ўзгарди 

Тошкент ахборот технологиялари университетининг ректори ўзгарди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 июндаги 372-сон қарори билан Бахтиёр Шуҳратович Маҳкамов Тошкент ахборот технологиялари университетининг ректори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Бахтиёр Маҳкамов 1985 йилда туғилган. Маълумоти олий, 2006 йил Тошкент давлат техника университетининг молиявий менежмент йўналиши бўйича бакалаврни тамомлаган. 2008 йил Тошкент ахборот технологиялари университетининг менежмент (ахборот-коммуникация технологиялари) йўналиши бўйича магистратурани тамомлаган.

У ўз вақтида Ички ишлар вазирлигида, сўнг Электромагнит мослашув марказида «Радиочастота тақдимотларини мувофиқлаштириш бўлими» бошлиғи лавозимларида ишлаган.

2020 йил январидан декабригача Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Радиочастота спектридан фойдаланишни тартибга солиш» бўлими бошлиғи, Радиочастоталар бўйича Республика кенгашининг котиби бўлган. 

Бахтиёр Маҳкамов шу пайтга қадар Электромагнит мослашув маркази бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Маълумот учун, 2020 йилнинг октябр ойи бошларида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори лавозимида фаолият юритган Сарвар Бобохўжаев Тошкент ахборот технологиялари университети ректори лавозимига тайинланганди.

Top