18:11 / 24.06.2021
16158

15та туман ва шаҳар мебелсозликка мослаштирилди – президент

Президент Шавкат Мирзиёев инвестиция ва экспортни кўпайтириш бўйича видеоселектор ўтказмоқда. Унда мебелсозлик ва автомобилсозлик соҳаларидаги ҳолатга тўхталиб ўтилди.

«Бугунги кунда республика бўйича 5,5 мингта мебель корхонасидан 1,5 мингтаси аҳоли хонадонларида жойлашган бўлиб, уларни саноатлаштириш орқали камида мингта лойиҳани амалга ошириш мумкин.

Мисол учун, Хоразмдаги мебелсозларнинг 44 фоизи Хонқада жойлашган. Тумандаги «Истиқлол», «Баркамоллик», «Пахтагул» ва «Ватанпарвар» маҳаллаларида 100дан зиёд оила ўз хонадонларида мебель ишлаб чиқаради.

Шу боис, жорий ҳафтада мебель саноатини ривожлантириш бўйича имзоланган қарорга мувофиқ, 15та туман (шаҳар) мебелсозликка мослаштирилди. 

Нукус, Андижон, Олтинкўл, Ромитан, Қарши, Кармана, Паст Дарғом, Узун, Боғдод, Ўрта Чирчиқ, Хонқа туманлари, Жиззах, Қарши, Наманган ва Янгиер шаҳарларида кластер шаклидаги мебелчилик кичик саноат зоналари ташкил этилиб, 200 миллион долларлик 450та лойиҳа жойлаштирилади ва камида 8 мингта янги иш ўринлари яратилади. Агар вилоят раҳбарлари бу масалада жиддий эътибор қаратса бундан ҳам юқори натижаларга эришса бўлади», деган президент.

Бош вазир ўринбосари, инвестиция ва савдо вазири Сардор Умурзоқов «Чармсаноат» раҳбари ва вилоят ҳокимлари билан бирга жорий йилда 421 миллион долларлик 248та лойиҳани якунига етказиши лозимлиги қайд этилган. 

Шунингдек, Умрзоқов «Элтехсаноат» ва вилоят ҳокимлари билан бирга йил якунига қадар электротехника ишлаб чиқариш ҳажмини 15 трлн сўмга етказиши, бунинг учун умумий қиймати 140 миллион долларлик 45та лойиҳани ишга тушириши кераклиги таъкидланган.

Йиғилишда сўнгги 5 йилда автомобилсозликда ишлаб чиқариш 3,4 баравар ошгани таъкидланган. Давлат раҳбари ютуқларни эътироф этаркан, қуйидаги рақамларни келтирди:

«2017 йилдан бери автомобилсозликда ишлаб чиқариш – 3,4 баравар, электро-техника – 2 баравар, фармацевтика ва қурилиш материаллари – 1,4 баравар, металлургия – 1,2 бараварга ошди. Тайёр тўқимачилик ва маиший техника маҳсулотлари экспорти 5  бараварга ўсди.
Ушбу даврда 441 трлн сўмлик 47 мингдан зиёд йирик, ўрта ва кичик лойиҳалар ишга туширилиб, 680 мингдан ортиқ доимий янги иш ўринлари яратилди. 

Шунингдек, сўнгги 4 йилда маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва сервис соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 100 трлн сўм (10 млрд доллар) инвестициялар йўналтирилди.

Тошкент шаҳрида – 17 трлн сўм, Тошкент вилоятида – 10 трлн сўм, Бухоро ва Самарқанд – 9 трлн сўмдан, Сурхондарё ва Фарғона – 8 трлн сўмдан, Андижон – 7 трлн сўм, Жиззах ва Қашқадарё – 6 трлн сўмдан, Хоразмда – 5 трлн сўм, Қорақалпоғистон, Навоий ва Наманган – 4 трлн сўмдан, Сирдарё – 3 трлн сўм йўналтирилган», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тошкент вилоятига сўнгги 4 йилда йўналтирилган 950 миллион доллар хорижий инвестиция ва банк кредитлари ҳисобига атиги 40 мингта янги иш ўринлари яратилган, яъни бир иш ўрни 24 минг долларга тўғри келмоқда.

Ваҳоланки, Наманганда 2 баравар кам маблағ сарфланиб (430 миллион доллар), 52 мингта янги иш ўринлари яратилган.

Top