Ўзбекистонда давлат улуши мавжуд 96та корхона 411 млрд сўмга сотилган
Сенат ўн олтинчи ялпи мажлисида 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини бозор механизмлари асосида бошқаришни янада жадаллаштириш мақсадида президентнинг 2020 йил 27 октябрдаги 6096-сонли фармони қабул қилиниб, унга кўра бугунги кунга қадар 541та давлат улуши мавжуд корхонанинг 247таси 2,3 трлн сўм қийматда савдога чиқарилиб, 96таси 411,6 млрд сўмга сотилган.
Давлат геология қўмитаси тасарруфидаги 6та йирик давлат корхоналари акциядорлик жамиятлари сифатида қайта ташкил этилиб, уларнинг кузатув кенгашларига 6 нафар чет эллик малакали экспертлар мустақил аъзо сифатида жалб этилган.
Геологик изланишлар йўналишида 400 млн долларлик кредит шартномалари расмийлаштирилиб, халқаро банклар билан 900 млн долларлик синдикатланган кредит ажратиш тўғрисида битимлар тузилган.
Бўш турган ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш қувватларини (объектлар) ишлаб чиқаришга жалб қилиш юзасидан ўтказилган хатловлар натижасида 27 675та объект аниқланиб, 1 215та объект бўш турганлар тоифасидан чиқарилиб, 1 146та объектдан келгусида самарали фойдаланиш белгиланиб, 744та янги объектдан самарали фойдаланиш чоралари кўрилган.
Истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш мақсадида, ўтган давр ичида республика ҳудудида 25 минг км электр узатиш тармоқлари ҳамда 8 мингтадан ортиқ трансформатор пунктлари янгиланган, реконструкция қилингани натижасида 1,7 миллиондан ортиқ аҳоли хонадонларида электр таъминоти яхшиланган.
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида оптик толали алоқа линияларининг узунлиги 81 минг км.ни ташкил этиб, жорий йил якунига қадар 118,6 минг км.га етказиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 1,7 млн.та кенг полосали интернет тармоғига уланиш портлари ўрнатилиб уларнинг умумий сонини 2021 йил охирига қадар 3,9 млн.тага етказилиши режалаштирилган.
Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.