Жаҳон | 01:43 / 26.06.2021
20922
2 дақиқада ўқилади

Жорж Флойд ўлимига сабаб бўлган полициячи 22,5 йилга қамалди

АҚШдаги Миннеаполис шаҳрининг собиқ полиция ходими Дерек Шовин афроамерикалик Жорж Флойдни қўлга олиш чоғида уни тиззаси билан бўғиб ўлдириб қўйгани учун 22,5 йилга ҳукм қилинди.

Жума куни бўлиб ўтган суд мажлисида Флойдлар оиласининг тўрт аъзоси, хусусан унинг 7 ёшли қизи ҳам сўзга чиқди.

Прокурорлар 1-марта содир этилган 2-даражали қотиллик учун 45 ёшли Шовинга максимум муддат – 30 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилишини сўради.

Судда сўзга чиққан Шовиннинг онаси доим ўғлини қўллаб-қувватлашини ва уни айбли деб ҳисобламаслигини таъкидлади.

Собиқ полициячи судда Флойднинг яқинларига ҳамдардлик билдирди, бироқ узр сўрамади.

Дерек Шовиндан ташқари, ушбу жиноий ишда яна уч нафар полициячи устидан тергов кетмоқда. Улар устидан суд 2022 йил мартида бўлиб ўтиши кутиляпти.

Эслатиб ўтамиз, Миннесота штатининг Миннеаполис шаҳрида 2020 йил 25 май куни 46 ёшли Жорж Флойд полиция томонидан қўлга олиниши вақтида қўлланган зўравонлик оқибатида вафот этганди.

Полициячи Дерек Шовин Флойд бўғилаётганини айтишига қарамасдан, 8 дақиқадан кўпроқ унинг бўйнини тиззаси билан босиб тургандан кейин ҳушини йўқотган. Кейинроқ шифохонада унинг ўлгани қайд қилинган.

Флойднинг ўлими АҚШда ирқчиликка қарши Black Lives Matter номли оммавий норозилик намойишлари авж олишига олиб келди.

Шовин шу йил апрел ойида суд томонидан қотилликда айбдор деб топилганидан сўнг қамоққа олинган, ўшандан буён бир кишилик камерада қолаётганди.

Мавзуга оид