25 май куни АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social тармоғидаги узун постида Эрон билан музокаралар «яхши» кетаётганини айтди, бироқ улар муваффақиятсизликка учраса, янги ҳужумлар бўлишидан огоҳлантирди. «Бу ё ҳамма учун Буюк Келишув бўлади, ёки умуман Келишув бўлмайди», деб ёзди у.
Бир неча соат ўтгач, АҚШ Марказий қўмондонлиги баёнот бериб, «қўшинларимизни Эрон кучлари томонидан юзага келаётган таҳдидлардан ҳимоя қилиш» мақсадида янги зарбалар берилганини маълум қилди.
«АҚШ Марказий қўмондонлиги давом этаётган ўт очишни тўхтатиш режимида вазминлик намойиш этган ҳолда, ўз кучларимизни ҳимоя қилишда давом этмоқда», дея Марказий қўмондонлик матбуот котиби капитан Тим Хокинснинг сўзларини келтирмоқда Reuters.
25 май куни, шунингдек Эрон янги ҳаво мудофааси тизими ёрдамида «душманона» кўринмас дронни (stels-dron) уриб туширганини маълум қилди. Бироқ дроннинг қаердан учиб келгани очиқланмаган.
«Бу ҳеч қандай кўринмас дрон энди Форс кўрфази осмонига кира олмаслигининг белгисидир», дея Фарс агентлиги исмини ошкор қилмаган расмийлардан иқтибос келтирди.
Минтақадаги кескинликнинг яна бир далили сифатида, бош вазири Бинямин Нетаняҳу душанба куни Исроил «Ҳизбуллоҳ»га қарши зарбаларни кучайтиришини айтди. Кўп ўтмай Исроил ҳарбийлари Ливаннинг шарқий Бека водийси ва бошқа ҳудудларидаги «Ҳизбуллоҳ» инфратузилмасига ҳужум қилаётганини маълум қилди.
Исроил ва Ливан апрель ойи ўрталарида ўт очишни тўхтатишга келишиб олган эди, бироқ Исроил сулҳ келишувига кирмаган «Ҳизбуллоҳ»га қарши ўзини мудофаа қилиш ҳаракатлари деб атаётган ҳаво зарбаларини давом эттирмоқда.
Музокаралар давом этаётган вақтда зарба берилди
АҚШнинг мазкур зарбалар Эроннинг бош музокарачиси ва ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Доҳа шаҳрида Қатар бош вазири билан эҳтимолий келишувни муҳокама қилаётган бир вақтда содир бўлди. Бунгача Вашингтон ва Теҳрон яқин орада кескин бурилиш бўлиши борасидаги умидларни камайтириб кўрсатган эди.
Доҳага ташриф ҳақида маълумот берган расмийнинг Reutersʼга айтишича, музокаралар асосан Ҳўрмуз бўғози ва Эроннинг юқори даражада бойитилган уран захираларига қаратилган. Шу билан бирга, якуний келишув доирасида Эроннинг музлатилган маблағларини озод қилиш масаласини муҳокама қилиш учун музокараларда Эрон Марказий банки раиси ҳам иштирок этган.













