Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бангладеш пойтахтидаги портлашда 7 киши ҳалок бўлди
Бангладеш пойтахти Даққада юз берган кучли портлаш оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлди, 50дан кўпроқ киши жароҳатланди. Бу ҳақда Даққа полицияси комиссари Шафиқул Ислом маълум қилди.
Таъкидланишича, портлаш Могбозор туманидаги 3 қаватли бинонинг 1-қаватида юз берган. Ўт ўчирувчилар маҳаллий вақт билан соат 19:35да портлаш ҳақида маълумот олишган. Воқеа жойига 14та ўт ўчириш бригадаси юборилган.
Полиция комиссари портлаш оқибатида яқин атрофдаги яна 7та бинога ва 3та автобусга зарар етганини маълум қилган.
Бинода электроника маҳсулотлари, гўшт сотиш нуқталари, ресторан ва қандолат дўкони жойлашган бўлган. Портлаш оқибатида дўконлар вайрон бўлган.
Полиция комиссарининг таъкидлашича, воқеага газ портлаши олиб келган бўлиши мумкин. У полицияда портлаш теракт ёки бошқа ёвуз мақсадда амалга оширилган деб ҳисоблашга асос йўқлигини айтган.
Тахминларга кўра, портлаш ресторанда юз берган бўлиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, бино олдида қурилиш ишлари олиб борилган ва улар давомида газ сизиб чиққан бўлиши мумкин. Ушбу версияларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширилиши режалаштирилмоқда.