13:02 / 28.06.2021
9834

Ҳиндистондаги авиабазага дрон ёрдамида ҳужум қилинди

Ҳиндистоннинг шимолидаги Жамму округида жойлашган авиабазага учувчисиз парвоз қурилмаси ёрдамида ҳужум қилинди. Мамлакат ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли базага ҳужум 27 июнда амалга оширилган.

Жамму ва Кашмир иттифоқдош ҳудуди полиция раҳбари Дилбагх Сингхнинг таъкидлашича, авиабазадаги иккита портлашда ҳам дронлардан фойдаланилган.

Ҳукумат маълумотларига кўра, Ҳиндистондаги муҳим объектларга зарба беришда террорчилар илк бор масофадан бошқарилувчи парвоз қурилмасидан фойдаланишган.

Ҳужум оқибатида 2 ҳарбий енгил жароҳат олган. Расмий маълумотларга кўра, биринчи портлашда аэродромдаги бинолардан бирининг томига зарар етган, иккинчи портлаш ҳеч қандай талафот етказмаган.

Расмий шахслар дронлар қаердан учиб келгани ҳозирча ноаниқлигини ва уларнинг парвоз траекториясини аниқлаш бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилишган. Полиция ҳужумда қўшни Покистонда жойлашган экстремистларни гумон қилмоқда. Аввалроқ экстремистлар қурол ва ўқ-дори етказиш учун дронлардан фойдаланаётгани ҳақида маълумотлар берилган. Жумладан, улар дронлар ёрдамида Ҳиндистон томондаги айирмачиларга АК-47 автоматлари, тўппончалар ва милтиқларни етказишга уринган. Бироқ бунгача теракт содир этиш учун дронлардан фойдаланилмаган.

Кашмир ҳудуди Ҳиндистон ва Покистон ўртасида 1947 йилдан бери баҳс мавзуси ҳисобланади. Ўшанда Британ Ҳиндистони мустақилликка эришгач, диний аломат бўйича икки давлат – Ҳиндистон ва Покистонга бўлинган. Айни вақтда Кашмирда давлат чегараси йўқ бўлиб, икки давлатни фақатгина назорат чизиғи ажратиб туради. Кашмирнинг Ҳиндистондаги қисмида мамлакатдан ажралиш учун курашувчи айирмачи гуруҳлар ҳаракат қилади. Нью-Деҳли қўшни Покистонни ушбу экстремистларни қўллаб-қувватлашда айблайди, Исломобод эса бу айбловларни рад этиб келади.

Top