Жамият | 10:26 / 01.07.2021
5025
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик онколог шифокорлар кореялик ҳамкасблари билан телекўприк ўрнатди

Ўзбекистонда 2023 йилнинг биринчи чорагида онкология марказининг янги биноси янги ҳудудда қуриб битказилади. Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида Сеул миллий университети Бунданг шифохонаси билан ўрнатилган телекўприк давомида айтиб ўтилди.

Жорий йилнинг 14 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишганди. Бунда Республика онкология ва радиология тиббиёт маркази учун янги бинолар қуриш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳага алоҳида эътибор қаратилган, малакали шифокорлар тайёрлаш бўйича режалар ҳақида ҳам маълумот берилганди.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига янги бинолар қуриш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа учун Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудидан 5 гектардан зиёд ер майдони ажратилган. Бундай касалликлар бўйича энг кўп мурожаат марказнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти филиалларига тўғри келгани инобатга олиниб, ушбу шифохоналарни ягона муассаса сифатида бирлаштириш таклифи билдирилганди.

29 июнь куни ўтказилган телекўприкда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров ва Сеул миллий университетининг Бунданг клиникаси бош шифокори Пек Нам Чжон бошчилигидаги соҳа мутахассислари иштирок этишди. Кореялик мутахассислар юртимизда онкологик касалликларни даволашга ихтисослаштирилган марказ, унинг филиаллари фаолияти билан танишди.

Мулоқот давомида икки давлат мутахассислари юртимизда барпо этилаётган 650 ўринли ягона муассаса сифатида яратиладиган онкология марказининг қурилиши, жиҳозланиши, диагностика ва даволаш ишларини ташкил қилиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишди.

Ушбу муассаса 2023 йилнинг биринчи чорагидан беморларни қабул қилиши, салоҳиятли мутахассислар ва юқори технологик ускуналар бир жойда жамланиши натижасида хасталарни даволаш сифати ортиши ва уларнинг сарсон бўлишининг олди олиниши айтиб ўтилди.

Шунингдек, саратонга ташхис қўйиш ва даволаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзбекистонлик шифокорлар учун тренинглар ташкил этиш, Бунданг клиникасининг етакчи мутахассисларини Ўзбекистонга таклиф этиш, шунингдек, тиббиёт муассасаларини рақамлаштиришда Жанубий Корея томонининг энг яхши амалиётларини жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.

Тадбир давомида онлайн консультациялар ташкил қилиниб, икки шифохона мутахассислари юртимиздаги мунозарали беморлар ҳолатини муҳокама қилиб, клиник тавсиялар олинди.

Шунингдек, онкологик касалликларни эрта ташхислаш ва скринингини ташкил қилиш йўналишида Корея тажрибасини жорий қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Энг долзарб бўлган касалликлар, жумладан, кўкрак бези саратони, бачадон бўйни саратони ва колоректал саратонни ташхислаш ва даволаш бўйича вебинарлар ташкил қилишга келишиб олинди.

Телемедицина имкониятларидан фойдаланиб амалга оширилган ушбу тадбир давомида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Сеул миллий университети Бунданг клиникаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат икки томонлама мутахассислар алмашинувини ташкил қилиш, даволаш тактикалари ҳамда ўқув-услубий материаллар билан алмашиш, илмий-тадқиқот ишларида ҳамкорлик ўрнатиш имконини беради.

Шунингдек, жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев бошчилигидаги делегация Корея Республикасига амалий ташриф билан бўлганди. Сафар давомида давлат раҳбарининг тизимни ривожлантиришда Корея тажрибасини қўллаш бўйича топшириғидан келиб чиқиб, делегация Сеул миллий университетининг Бунданг шифохонаси фаолияти билан танишганди.

Маълумот учун: Сеул миллий университети Бунданг шифохонаси университетнинг тиббиёт бўлими сифатида 2003 йилда очилган. Шифохона Жанубий Кореяда тиббиёт йўналишида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Ушбу шифохона АҚШдан ташқарида 7 босқичли сертификатни қўлга киритган биринчи муассаса ҳисобланади. У АҚШ тиббиёт ахборот жамияти томонидан энг юқори даражадаги ахборотлаштириш соҳасида тан олинган. Муассаса АҚШ ва Яқин Шарқ мамлакатларига замонавий тиббиёт ахборот тизимларини экспорт қилади.

Мавзуга оид