Иқтисодиёт | 19:41 / 01.07.2021
23816
6 дақиқада ўқилади

Сўм – 27 ёшда. Миллий валюта тарихига назар

1994 йил 1 июлда сўм банкноталари илк марта муомалага чиқарилган эди. Ўшандаги купюраларнинг барчаси ҳозирга келиб тарихга айланган. Сўм “туғилган кун”да валюта биржасида 1 АҚШ долларининг қиймати роппа-роса 7 сўм бўлган.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, орадан 3 йил ўтиб муомалага киритилган миллий валюта – сўм республиканинг барча ҳудудларида ягона тўлов воситаси сифатида амал қилиб келмоқда.

Миллий валютамизнинг муомалага киритилганига 27 йил тўлгани муносабати билан унинг ривожланиш тарихи ва сўм ҳақидаги қизиқарли маълумотларни тақдим қиламиз.

1994 йил 16 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида»ги фармонга мувофиқ, 1994 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида қонуний тўлов воситаси бўлган миллий валюта – сўм муомалага киритилди.

Тарихга назар ташласак, сўм энг қадимги атамалардан бири бўлиб, Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарида пул солинган қопча (халта) маъносида қўлланилган. ХIV асрда Олтин Ўрда хонлигида сўм атамаси муайян оғирликдаги кумуш қуймаларга нисбатан ишлатилган.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатда совет рубли пул бирлиги сифатида муомалада эди. 1992 йилнинг январидан истеъмол бозорини ҳимоялаш ва маҳсулотларни фақат Ўзбекистон фуқароларига сотиш учун бир марталик купонлар босиб чиқарилган. 1993 йилнинг 15 ноябрида сўм-купон муомалага чиқарилган. Шундан сўнг 1 ҳафта ўтиб –22 ноябргача газета қоғозида чоп этилган ва ташкилотининг муҳри уриладиган карточкаси қирқиб олинувчи бир марталик купонлар пул бирлиги сифатида муомалада бўлган.

Сўм-купонлар 9,5 ой муомалада бўлиб, 1994 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистоннинг миллий валютаси – сўм муомалага киритилганидан сўнг ҳам, 1994 йилнинг 1 августига қадар амал қилган. 

Сўм дастлаб 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлик тангалар ҳамда 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100 сўмлик қоғоз купюралар билан бир вақтнинг ўзида муомалага кирган.

Ушбу қоғоз пулларнинг ҳаммаси Германиянинг «Giesecke & Devrient» фирмасида чоп этилган. 1 сўм 100 тийинга майдаланган.

Айтиш жоизки, сўм муомалага киритилган кунда валюта биржасида 1 АҚШ долларининг қиймати роппа-роса 7 сўмга тенг бўлган.

200 сўмлик банкноталар ва бошқа кейинги барча купюралар Тошкентдаги «Давлат белгиси» ДИЧБ давлат корхонасида босилмоқда.

Энг кичик купюра 1 сўмликнинг орқа тарафида – Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри, 3 сўмликда – Бухородаги Чашмаи Айюб мақбараси, 5 сўмликда – Ўзбекистон Миллий боғидаги Алишер Навоий шарафига ўрнатилган ҳайкал ва меъморий композиция, 10 сўмликда – Самарқанддаги Гўри Амир мақбараси, 25 сўмликда – Самарқанддаги Шоҳи Зинда тарихий-меъморий ансамбли, 50 сўмликда Самарқанддаги Регистон тарихий-меъморий ансамбли, 100 сўмликда – Тошкентдаги Халқлар дўстлиги саройи тасвирланган.

1997 йил 1 мартдан 200 сўмлик, 1999 йил 1 июлдан 500 сўмлик, 2001 йил 1 сентябрдан 1000 сўмлик банкноталар муомалага чиқарилган.

Ушбу купюралардан бошлаб, миллий валютанинг дизайни ўзгартирилиб, 144 х 78 мм ўлчамда чоп этила бошланган.

200 сўмликда Самарқанддаги Регистон ансамблининг Шердор мадрасасида тасвирланган қуёш орқалаган шернинг рамзий тасвири, 500 сўмликда Тошкентда Амир Темурга ўрнатилган ҳайкал, 1000 сўмликда Тошкентдаги Темурийлар тарихи музейи биноси тасвирланган.

5 минг сўмлик купюралар 2013 йил 1 июлдан, 10 минг сўмлик банкноталар 2017 йил 10 мартдан, 50 минг сўмлик пул билетлари 2017 йил 22 августдан, 100 минг сўмлик эса 2019 йил 25 февралдан бошлаб муомалага киритилган.

5 минг сўмликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биноси, 10 минг сўмликда Сенат биноси (тез орада тўла Президент Администрациясига айланади), 50 минг сўмликда Мустақиллик майдонидаги Эзгулик аркаси ва Форумлар саройи, 100 минг сўмликда Мирзо Улуғбек ҳайкали ва обсерваторияси тасвирланган.

Энг сўнгги бўлиб чиқарилган купюралар – 2 минг ва 20 минг сўмликлар. Улар 2021 йил 14 июндан бошлаб муомалага чиқарилди.

1 минг, 5 минг, 10 минг, 50 минг ва 100 минг сўмлик купюраларнинг ўлчами бир хил – 144 х 78 мм. Янги чиққан 2 минг ва 20 минг сўмлик банкноталар улардан фарқ қилади: 2 000 сўмлик – 142 х 69 мм, 20 000 сўмлик – 147 х 69 мм.

2 минг сўмлик банкнотага Пойкенд археология ёдгорлиги, Бухородаги арк ва Буюк ипак йўлининг рамзи сифатида туя тасвирлари туширилган.

20 минг сўмлик банкнотада эса Қорақалпоғистондаги Қўйқирилган қалъа ва Жонбос қалъа археологик ёдгорликлари акс этган.

Танга сўмлар

Сўм қадри тушиб бориши билан паст номиналдаги қоғоз пуллар танга шаклидаги сўмларга алмаштириб борилди.

Жумладан, 1997 йилда илк марта 1, 5 ва 10 сўмлик тангалар муомалага киритилган. Бундай кўринишдаги танга сўмлар 1998, 1999 йилларда ҳам ишлаб чиқарилган. 2000 ва 2001 йилларда 1, 5 ва 10 сўмлик тангаларнинг ҳажми кичрайтирилган ва дизайни ўзгартирилган.

Бундан ташқари, пўлат, мис ва никель қотишмали 50 сўмлик (2001) ва 100 сўмлик (2004) тангалар ҳам чиқарилган.

Шунингдек, Марказий банк томонидан турли юбилей саналари ва бошқа шахсларга атаб эсдалик тангалари ҳам босилган.

Жумладан, қимматбаҳо бўлмаган металлар – никель билан қопланган пўлатдан Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигига атаб 25 сўмлик (1999), Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллигига атаб 50 сўмлик (2002), Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига атаб икки хил 100 сўмлик (2009), Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига атаб 500 сўмлик (2011) эсдалик тангалари катта тиражда чиқарилган ва реал муомалага ҳам киритилган.

2001 йилда Алишер Навоий таваллудининг 560 йиллигига атаб 100 сўмлик жез танга ҳам чиқарилган.

Яқин вақтлар ичида сўмнинг график белгиси тасдиқланиши кутилмоқда.

Достон Aҳроров,
Мадина Очилова

Мавзуга оид