Жамият | 19:56 / 03.07.2021
19331
4 дақиқада ўқилади

TikTok'даги ахлоқсиз ҳаракатлар учун қандай жавобгарлик бор?

Тарихий сиймолар ҳайкаллари пойида номаъқул видеолар олиб тарқатаётган тиктокерлар президент танқидига учради. Шавкат Мирзиёев бундай ҳаракатлар учун тегишли жавобгарлик белгилашни таклиф қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июн куни Ўзбекистон ёшлари билан учрашиб, ўз нутқида ижтимоий тармоқларда шуҳрат қозониш учун номуносиб ҳаракатлар қилаётган ёшлар бўйича ҳам тўхталди.

Давлат раҳбари ижтимоий тармоқларда тарқалган хунук воқеалар, яъни жойлардаги Алишер Навоий, Амир Темур, Мотамсаро она ҳайкаллари ёнида айрим тарбиясиз ёшлар томонидан содир этилган номаъқул ҳаракатлардан ниҳоятда ранжиганини билдирди.

“Керак бўлса, халқимизнинг муқаддас қадриятлари, тимсоллари ва табаррук қадамжоларига беписанд муносабатда бўладиган кимсаларга нисбатан жазо чораларини янада кучайтирамиз. Бундай бузғунчи ишларнинг олдини бугун олмасак, эртага кеч бўлади.

Тарихимизга, Навоий бобомизга, Мотамсаро онамизга тош отишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Нега бундай ҳаракат қилганларга жамоатчилик кескин муносабат билдирмаяпти?! Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун жавобгарликни кучайтириш керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, 2020 йилнинг 7 апрелида бир гуруҳ ёшлар пойтахтдаги Амир Темур ҳайкалидан коронавирус қачон кетишини сўрагани учун, 2021 йил 10 май куни икки йигит Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали олдида Алишер Навоий шахсига нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун 15 суткадан қамоқ жазосига тортилганди.

2 июн куни эса олмалиқлик қиз “Она ва бола” ҳайкали устига чиқиб, одобсиз хатти-ҳаракатлар қилгани туфайли унга нисбатан чора кўрилиши маълум қилинганди.

Бундан ташқари, Амир Темур ҳайкали олдида ёшлар томонидан бошқа номаъқул ҳаракатлар қилган ҳолда суратга тушиш ҳолатлари ҳам кузатилиб, жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганди.

Айни пайтда ушбу хатти-ҳаракатлар учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Бундай ҳаракатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан малакаланяпти.

Ушбу моддага кўра, майда безорилик – жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу ва бошқа хатти-ҳаракатлар орқали жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик ҳаракатларида намоён бўлади.

Майда безорилик учун икки турдаги жазо назарда тутилган: БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ.

Миллий қадриятлар ва тарихий обидаларни масхаралаш учун алоҳида жавобгарлик киритилиши мумкин

Фикримизча, президент таклифи билан юқоридаги ҳаракатлар учун жавобгарлик кучайтириладиган бўлса, бу икки хил сценарийда кечиши мумкин.

Биринчиси, Ўзбекистоннинг миллий қадриятларига, тарихий обидаларига, тарихий шахсларига ва уларнинг сиймоларига нисбатан ахлоқсиз муносабатда бўлиш ҳаракатлари учун маъмурий жавобгарлик алоҳида модда билан белгиланади ва моддада ушбу ҳуқуқбузарликка қайси ҳаракатлар кириши батафсил баён этилиши мумкин.

Шунингдек, модданинг санкциясида 183-моддадаги амалдаги жазоларга нисбатан оғирроқ жазолар белгиланиши мумкин.

Иккинчи йўл – кодексга янги модда киритмасдан, 183-модданинг ўзини янги таҳрирда ишлаб чиқиш ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўлувчи хатти-ҳаракатлар қамровини аниқ белгилаш; шунингдек, санкциядаги жазоларни оғирроғига ўзгартириш. Эҳтимол, президент танқидига учраган хатти-ҳаракатлар учун модданинг “тўридан” (иккинчи қисмидан) жой ажратилади.

Агарда жазолар кучайтириладиган бўлса, бизнингча, миллий қадриятларга нисбатан ахлоқсизлик учун алоҳида жазолар назарда тутилади. Яъни, ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун баландроқ жарима ва қатъий 15 суткалик қамоқ жазоси назарда тутилиши мумкин. Зеро, 29-моддадаги чеклов туфайли маъмурий қамоқда 15 суткадан кўпроқ миқдор белгиланиши мумкин эмас.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид