Ўзбекистон | 16:19 / 31.10.2025
7049
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тақиқда бўлган TikTok қандай қилиб солиқ тўлаяпти?

2025 йилнинг дастлабки 9 ойида Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи компаниялар томонидан тўланган солиқлар 44 фоизга ошиб, 124,8 млрд сўмга етди. Топ ўнталикка TikTok ҳам кирди, ваҳоланки, бу платформа Ўзбекистонда блокланган.

Фото: Getty images

2025 йилнинг январ-сентябр ойларида 73 та хорижий компания томонидан 124,8 млрд сўм солиқ тўланган. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 44 фоизга кўп.

Ҳисобот даврида TikTok ижтимоий тармоғи ҳам 2 млрд 645 млн сўм солиқ тўлаб, энг йирик солиқ тўловчилар ўнталигига кирган. Ушбу платформа 2021 йилнинг ёзидан бери Ўзбекистонда расман блокланган, аммо 2023 йилда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган.

Солиқ қўмитасининг Kun.uz’га изоҳ беришича Солиқ кодексининг 281-моддасига кўра Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар электрон кўринишда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтади. Улар учун махсус онлайн платформа (имконият) яратилган. «Улар ўзлари ихтиёрий рўйхатдан ўтади ва белгиланган миқдордаги солиқларни тўлайди», дейилади қўмита изоҳида.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2021 йил ёзида TikTok, Twitter, Skype, WeChat ва Вконтакте тармоқларига чеклов қўйилганди. Бунга «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритилган 27-1-модда сабаб бўлганди. Унга кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар жисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақланиши белгиланган. Бу талабни айни пайтгача бирорта глобал ижтимоий тармоқ бажаргани маълум эмас. 2021 йилнинг 3 ноябрида Telegram, YouTube, Instagram, Facebook ва Odnoklassniki тармоқларига ҳам тўсиқ қўйилган ва бу катта резонанс келтириб чиқарган эди. Натижада тўсиқ шу куннинг ўзида олиб ташланиб, қатор мансабдорлар ишдан олинганди. Айни пайтда Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрида фақат TikTok қолган. 

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид