Ўзбекистон | 21:14 / 08.07.2021
41687
5 дақиқада ўқилади

Божхона қоидалари: Чет элликларга тегишли автомобилларнинг Ўзбекистонда бўлиш тартиби

«Божхона қоидалари» кўрсатувининг навбатдаги сонида чет эл мамлакатларида рўйхатдан ўтган транспорт воситасини Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби ҳақида сўз боради.

Республиканинг турли ҳудудларида хорижий авторақамлар билан юрган автомобиллар учрайди. Уларнинг мамлакатга кириш-чиқиш тартиби қандай? Давлат божхона қўмитаси масъул ходими Маъруфжон Бўронов ушбу савол бўйича тартиб-таомилларга ойдинлик киритади.

– Ҳозирги кунда хорижий мамлакат фуқаролари автотранспорт воситалари билан Ўзбекистонга эмин-эркин, ҳеч қандай тўсиқларсиз, тўловларсиз бемалол кириб келиши ва ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатланиши, яъни зиёрат, тўй-маърака, дўст-қариндошиникига бориши ҳамда қайтиб кетиши мумкин. Хорижий автотранспорт воситаларининг Ўзбекистонда бўлиш тартиби Божхона кодексида белгилаб қўйилган. Унга мувофиқ, республикада бўлиш муддати чекланмаган, фақатгина бепул ҳаракатланиш муддати чегараланган. Яъни, бир йил ичида 90 кун тўловсиз юра олишади. Бундан ошса Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги қарорига биноан маълум миқдорда тўлов қилишлари керак бўлади.

Бир йилда 90 кун узлуксизми ёхуд йил давомидаги кунлар ҳисобида 90 кун бўлиши лозимми?

– 90 кун муддат узлуксиз бўлиши шарт эмас, бир йил давомида бир неча марта кириб-чиқиши мумкин. Ўзбекистонда бўлиш муддатининг жами муддати бир йилда 90 кунгачани ташкил этса, ҳеч қандай тўлов амалга оширилмайди. Шу билан бирга, автотранспорт эгалари нотижорий мақсадда ўз эҳтиёжлари сабаб кирган бўлиши керак.

Амалдаги тартиб бўйича чет эл фуқароси автотранспортда Ўзбекистонга кириб келаётганда 90 кунга мажбуриятнома расмийлаштирилади. Шу 90 кундан ошган ҳар бир кун учун белгиланган йиғимларни тўлаб, мамлакатдан чиқиб кета олади. Божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими билан бошқа нодавлат процессинг хизматлари интеграция қилиниши натижасида мажбуриятнома муддати, тўловларни амалга ошириш, божхонага ариза бериш каби хизматлар барчаси рақамлаштирилган.

Чет эл фуқароси божхона органига учрамасдан туриб мажбуриятнома муддатини ўзи истаган муддатга узайтириши ва исталганча тўловларни амалга ошириши мумкин. Шунингдек, янги қонунга кўра, агар эътиборсизлик натижасида муддатини узайтирмаган бўлса, чиқиб кетаётганда божхона постида ихтиёран тўловларни бажарса, унга нисбатан маъмурий жазо қўлланилмайди.

Давлат божхона қўмитаси масъул ходими Маъруфжон Бўронов

90 кундан ошган ҳар бир кун учун тўлов миқдори қанча?

– Ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг 0,7 фоизи миқдорида тўлов ундирилади. 245 минг сўмдан ҳар бир кун учун 0,7 фоиз 1 715 сўмни ташкил этади. Алоҳида қайд этиш зарур, бунда автотранспорт воситасининг от кучи ҳисобга олинади. Бу жараёнлар ҳам тўлиқ автоматлаштирилган. Яъни, хорижий давлат фуқароси ўз мобил телефони орқали ҳам тўловни амалга ошира олади. Бевосита божхона идорасига келиши, ариза ёзиши талаб этилмайди.

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузса...

Чет эл фуқароларининг мамлакатимиз ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузиши билан боғлиқ муаммолар тартибга солинган. Бу йўналишда ИИВ ва Божхона қўмитаси ўзаро ҳамкорлик қилади, ахборот тизимлари интеграция қилинган. Бунинг натижасида йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижликлар ҳақидаги маълумотлар божхона органлари ахборот тизимига келиб тушади. Ва божхона пости орқали чиқиб кетаётган вақтда унга нисбатан белгиланган жарималар ундириб қолинади.

Транзит мақсадида фойдаланаётган автотранспортга Ўзбекистон кириш-чиқиш постлари оралиғида транспорт турига қараб қанча вақт берилади?

– Юк автотранспорт воситалари божхона постлари орқали ҳаракатланганда амалдаги тартибга кўра, қизил ва яшил йўлак тизимидан фойдаланилади. Бир божхона постидан иккинчи постгача ҳаракатланиш вақти масофадан келиб чиқиб белгиланади. Илгари ушбу тартибни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик бор эди. Янги тартибга биноан маъмурий жавобгарлик бекор қилинди. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан белгиланган муддатга амал қилмаса ва бунда узрли сабаблар мавжуд бўлмаса, кечиктирилган ҳар бир кунга БҲМнинг бир баравари миқдорида, яъни 245 минг сўм йиғим ундирилади. Алоҳида таъкидлаш керак, БҲМ миқдори ўзгарса, мос равишда тўлов миқдорлари ҳам ўзгаради.

Мавзуга оид