Жаҳон | 21:53 / 08.07.2021
42851
7 дақиқада ўқилади

Ҳаити – президенти ўлдирилган мамлакат. Жовенел Моизни нега отишди?

7 июлга ўтар кечаси номаълум шахслар Ҳаити президенти Жовенел Моизнинг қаттиқ қўриқланадиган қароргоҳига бостириб кириб, давлат раҳбарини отиб ташлашди ва унинг рафиқасини оғир жароҳатлашди. Ҳаити ҳукумати қотиллик ортида хорижлик ёлланма кучлар турганини айтмоқда, ҳозирда уларни қидириш ишлари давом этмоқда.

Фото: Reuters

Воқеа жойида олинган видеода кўриш мумкинки, чоршанбага ўтар кечаси қароргоҳда ҳақиқий жанг кечган. Уй деворлари ўқлардан илма-тешик бўлиб кетган.

Қотилликдан бир неча соат вақт ўтиб қароргоҳда ҳужумда иштирок этганларнинг тўрт нафари хавфсизлик кучлари билан отишма вақтида ўлдирилди, яна икки киши қўлга олинди. Полиция ҳужумга алоқадор бўлган яна бир неча киши пойтахт Порт-о-Пренсда яширинганини тахмин қилмоқда.

Жиноятчилар ҳақида фақат улар профессионаллар каби ҳаракатлангани, яхши қуроллангани, бир-бири билан инглиз ва испан тилларида гаплашгани (Ҳаити - француз тилида сўзлашувчи мамлакат) ва хорижликлар каби кўринишда бўлгани айтилган. Ҳукумат уларни ёлланма жангчилар деб атамоқда.

Қотилликни буюртма қилганлар ва уларнинг мотивлари ҳақида ҳозирча батафсил маълумотлар йўқ. Аммо рўй берган воқеат у қадар ажабланарли ҳолат бўлмади.

Sky News телеканали журналисти Стюарт Рамсей ҳаитилик танишлари билан бу борада суҳбатлашган. Улар бир овоздан барчаси шунга қараб келгани ва энг асосий воқеалар ҳали олдинда экани ҳақида гапиришган.

«Бу бўрондан олдинги сукунат», деган улардан бири мамлакатдаги вазият ҳақида.

Ҳуқуқий баҳслар ва икки президент
«Булар оддий бандитлар бўлиши ҳам мумкин эди, аммо одатда уларнинг иши бундай яхши ташкиллаштирилмайди. Булар сиёсатчилар бўлиши ҳам мумкин, лекин буни аниқ айтиб бўлмайди», деган Рамсейнинг бошқа бир суҳбатдоши.

Ҳаити учун давлат тўнтаришлари - одатий ҳолат, аммо бундай ҳолларда фитначилар тезда телеэкранларда кўриниш бериб, баёнот билан чиқишади. Бу сафар эса бундай бўлмади.

Ҳужум қилувчилар қароргоҳ ҳудудига қандай қилиб кириб олишгани ҳозиргача номаълум

Шу йилнинг феврал ойида ҳам давлат тўнтаришига уриниш рўй бергани хабар қилинганди. Ўшанда 23 киши, шу жумладан, Ҳаити олий суди раиси ва юқори мартабали полиция бошлиғи ҳибс қилинганди. Улар бу исён бўлмагани, балки конституцион тартиб ўрнатишга қаратилган ҳаракат эканини билдиришган — уларнинг фикрича, Моизнинг ваколат муддати 2021 йил 7 февралида якунига етиши керак эди.

Мухолифат Моизнинг беш йиллик президентлик муддати тугаган деб даъво қилади ва муддатни 2016 йил 7 февралдан — Моиз мамлакатни президент вазифасини бажарувчи сифатида бошқаришни бошлаганидан ҳисоблайди. Моизнинг ўзи ушбу муддатни у расмий равишда қасамёд қабул қилган кун — 2017 йил 7 февралдан деб ҳисоблаб келарди. 

Шу туфайли президент лавозимини фақат бир йилдан кейин — 2022 йилнинг 7 февралида тарк этишини айтиб келади. Мухолифатчилар уни диктатура ўрнатишга уринишда айблашган.

Мухолифат Олий суднинг истеъфодаги аъзоси Жозеф Жан-Луини вақтинча президент, Моизнинг кейинги даврдаги бошқарувини конституцияга зид деб эълон қилади.

Қашшоқлик, коррупция ва тартибсизликлар
Сўнгги вақтларда иқтисодий қийинчиликлар, коррупция ва жиноятчилик кўлами ортиши туфайли Моизнинг рейтинги кескин пасаяди. У президентликка сайланган 2017 йилги сайловларда ҳам давомат жуда паст бўлган.

2018 йилда Ҳаитида коррупция можароси бошланган, натижада Моизга импичмент уюштирилиб, унинг истеъфоси талаб қилинган намойишлари бўлиб ўтган ва 2019 йилга белгиланган парламент сайловлари тўхтатилган.

Мамлакат деярли парламентсиз қолади, президент мамлакатни ўз декретлари билан бошқара бошлайди.

Моизга аввал ҳам суиқасд қилинган. 2018 йил октябрида унга қарата ўт очишган, унинг ўзи тирик қолиб, уч қўриқчиси ҳалок бўлган.

Шу йилнинг февраль ва март ойларида Ҳаитида Моизнинг конституцияга тузатишлар киритиш бўйича таклифларига қарши намойишлар бўлиб ўтган. У бош вазирлик лавозими ва парламентнинг юқори палатасини тугатишни, шунингдек, президентнинг ваколат муддатини тўрт йилдан беш йилга узайтириб, кетма-кет икки бор сайланишга рухсат беришни таклиф қилганди (ҳозирда икки муддатга рухсат бор, аммо ўртада танаффус бўлиши керак). Пандемия сабабли конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказилмай қолди.

Намойишчилар кўчаларда автомобиллар ғилдиракларини ёқиб, баррикадалар ўрнатишган, полиция уларга қарши резина ўқлар қўллаганди.

Ҳужум қилганлар уч полициячини гаровга олишган, аммо Порт-о-Пренседаги амалиёт чоғида улар озод қилинди

Ҳаитининг 10,6 миллионлик аҳолисидан 60 фоизи кунига икки доллардан камроққа кун кечирмоқда. Мамлакатда кўп йиллардан буён сиёсий беқарорлик ҳукм суради. 1986 йилда диктатор Жан-Клод Дювал режими ағдарилганидан бери мамлакатда бир неча бор ҳарбий тўнтаришлар ва тартибсизликлар юз берган. 2004 йилдан 2019 йилгача БМТ тинчликпарвар кучлари мамлакатда сақлаб турилган. 2010 йилда содир бўлган кучли зилзила оқибатида 222 минг киши (мамлакат аҳолисининг 2 фоизи) қурбон бўлган, кўплаб ҳудудлар вайронага айланган ва бу мамлакатнинг шусиз ҳам оғир иқтисодий аҳволини янада ёмонлаштирган.

Бир неча ой муқаддам бу мамлакатда бўлган Стюарт Рамсей мамлакат пойтахти 2010 йилги ҳалокатли зилзиладан кейин тикланмагани, шаҳар ҳамон жанг майдонидан кейинги ҳолатни эслатишига гувоҳ бўлган.

Ҳатто президентлик саройи тикланмаган ва шу туфайли Моиз расмий қароргоҳда эмас, Порт-о-Пренс яқинидаги ўз уйида яшаб келган.

«Банда», «одам ўғирлаш» ва «коррупция» сўзлари ҳаитиликлар сўз луғатидаги одатий сўзларга айланган.

Моиз ҳокимиятдаги сўнгги йилини мамлакатни демократик сайловларга тайёрлашга бағишлашига ишонтирганди. Мухолифлари эса уни масъулиятсиз ва лаёқатсиз раҳбар деб атаб, 2022 йилдан кейин ҳам ҳокимиятда қолишни кўзлаётганига шубҳа қилишмаган.

Турли кўламдаги норозилик акциялари одатда полиция билан тўқнашувлар билан якунланади, сўнгги уч йилда мамлакатнинг турли шаҳарларида деярли ҳар куни тартибсизликлар рўй бериб келади. 2020 йил февралида пойтахт кўчаларида баррикадалар пайдо бўлган, полициячилар эса меҳнат шароитларини яхшилашни талаб қилган ҳолда армия штабига ҳужум қилишган.

Сиёсатчилар, судьялар, ҳуқуқ фаоллари ва диний гуруҳлар Моизга қарши бирлашишган. Мамлакат қуролли кучлари эса охиригача унинг томонида қолишган.

АҚШ, БМТ ва Америка давлатлари ташкилоти доимий равишда имкон қадар тезроқ сайлов ўтказиш зарурлигини эслатиб келган бўлишса-да, амалда Моизни қўллаган ва бунинг учун ҳаитиликлар уларни танқид қилиб келишган.

Моиз сўнгги марта икки ҳафта олдин Порт-о-Пренсда ўз тарафдорлари митингида оммага кўриниш берганди.

Февраль-март воқеаларидан кейин кўчалардаги тартибсизликлар шиддати бироз пасайган. Бунга қисман Covid-19 пандемияси ҳам сабаб эди.

«Жамоатчиликнинг оммавий намойишларга чақириқларга реакцияси сезиларли даражада сусайгани шуни кўрсатадики, Ҳаити халқи адоқсиз локдаунлар ва ҳокимият машмашаларидан чарчаган», дейди АҚШ давлат департаменти вакили.

Эҳтимол шу сабаб Моизнинг кўринмас душманларини қатъий ҳаракат қилишга ундаган.

Мавзуга оид