Жаҳон | 09:15 / 13.07.2021
3670
2 дақиқада ўқилади

Ироқдаги шифохонада юз берган ёнғинда 50 киши ҳалок бўлди 

Фото: Getty Images

Ироқ жанубидаги Ан-Насирия шаҳрида коронавирусга чалинган касаллар даволанадиган шифохонада йирик ёнғин чиқди. Бунинг оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлди, 70га яқин одам жабрланди.

Al Arabiya телеканалининг хабар беришича, ёнғин шифохонанинг коронавирусга чалинган беморлар даволанган бўлимини қамраб олган. 

Тахминлардан бирига кўра, ёнғинга қисқа туташув сабаб бўлган. Бошқа маълумотларга кўра, ёнғин кислород баллони портлаши оқибатида чиққан. 

Айни вақтда ёнғинни назорат остига олишга муваффақ бўлинган.   

Маълум қилинишича, ёнғин чиққан бўлим 3 ой олдин очилган. У 70 беморга мўлжалланган бўлган.

Ан-Насирия жойлашган Ди-Қор муҳофазаси соғлиқни сақлаш департаменти вакили Аммар ал-Замилийнинг маълум қилишича, ёнғин бошланганда бўлимда камида 63 бемор бўлган. Муҳофазада фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Таъкидланишича, қурбонлар сони ошиши мумкин, чунки баъзи жароҳатланганлар оғир аҳволда.

Маълумотларга кўра, бино осон алангаланувчи материаллардан қурилган бўлган.

Ироқда ковид-шифохонада ёнғин биринчи марта юз бериши эмас. Баҳорда Бағдоддаги шиофхонада чиққан ёнғинда 82 киши ҳалок бўлганди. Ўшанда ёнғинга кислород баллони портлаши сабаб бўлган.

Айни вақтда Ироқда коронавирус тарқалиши яна авж олмоқда. Мамлакатда ҳар куни 9 мингдан кўпроқ касалланиш ҳолати қайд этилмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид