Жаҳон | 17:29 / 13.07.2021
4960
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ вакциналарни бир-бири билан аралаштириб учинчи дозани тайёрлашдан огоҳлантирди

Июн охирларида Оксфорд университети олимлари бир доза AstraZeneca ва бир доза Pfizer вакциналари билан тўрт ҳафта оралиқда эмлаш самаралироқ бўлишини маълум қилганди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусга қарши турли икки босқичли вакциналарни аралаштириб, «учинчи доза» деб аталувчи бустер дозалар тайёрлашдан огоҳлантирди. ЖССТ директорининг фан бўйича ўринбосари Сумя Сваминатан бу ҳақда брифингда маълум қилди.

«Бу анча хавфли тренд. Бизда ҳеч қандай маълумот ҳам, исбот ҳам йўқ... Агарда ким, қачон иккинчи, учинчи ва тўртинчи дозани олишини одамларнинг ўзлари ҳал қиладиган бўлса, давлатларда тартибсизлик бошланади», — деди у.

Аввалроқ бустер дозалар тўғрисида ЖССТнинг иммунизация бўйича эксперти Анн Линдстранд фикр билдирганди.

Унинг айтишича, вақт ўтиши билан вакциналарнинг самарадорлиги пасаяди ва қўшимча вакцина ўрнига мамлакатлар бир-бирларига ортиқча вакциналарни бериши мумкин.

Июн охирларида Оксфорд университети олимлари бир доза AstraZeneca ва бир доза Pfizer вакциналари билан тўрт ҳафта оралиқда эмлаш самаралироқ бўлишини маълум қилганди.

Шунингдек, таиландлик олимлар AstraZeneca ва Sinovac вакциналаридан фойдаланиш коронавируснинг дельта-штаммидан ҳимояланиш имконини беради деган хулосага келганди.

Мавзуга оид