Ўзбекистон | 11:39 / 14.07.2021
18925
3 дақиқада ўқилади

Фарғона водийсининг тоғли ҳудудларида сел хавфи сақланиб қолмоқда

«Ўзгидромет» кеча Наманган вилоятининг Косонсой туманида 8 киши ўлимига сабаб бўлган сел келиши ҳолати бўйича маълумот бериб, 15−16 июль кунлари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи борлиги ҳақида огоҳлантирди.

Фарғона водийси вилоятлари ва Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида кутилаётган маҳаллий ёмғирлар сабабли 15-16 июлда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи мавжуд.

13 июль куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти ҳудудида кучли ёмғир ёғиши натижасида сел оқимлари ҳосил бўлган. Ушбу сел оқимлари соат 13:35 атрофида Наманган вилоятининг Косонсой тумани, «Обод» МФЙ ҳудудидан ўтувчи Косонсой сойидан оқиб келган. Ҳодиса оқибатида 8 киши ҳалок бўлган ва 6 киши жароҳатланган.

«Ўзгидромет» Наманган вилояти Косонсой туманида 13 июль кундузи кузатилган гидрометеорологик вазият тўғрисида маълумот берди.

«13 июль куни Қирғизистон Республикасининг шимоли-ғарбий қисми ва Қозоғистон жанубидан атмосфера совуқ фронти ўтди. Куннинг иккинчи ярмида фронт ўтиши ортидан, Фарғона водийси тоғ ҳавзаларида кучли ёмғирли тўп-тўп булутлар ривожланди.

Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти Оқсув ва Олабуқа туманларида маҳаллий вақт билан соат 12:35 ва 13:25 оралиғида кучли жала ёмғилар ёғиб ўтди. Кучли жала ёмғирлар Жалолобод вилояти Оқсув тумани ва Наманган вилояти Косонсой тууманидан оқиб ўтувчи Косонсой сойида сел оқимини ҳосил қилди», дейилади хабарда.

Наманган вилояти Косонсой тумани айрим ҳудудларида қисқа муддатли жала ёмғирлари ва дўл ҳодисаси кузатилган. Ўртача ҳисобда дўл диаметри 1 см.ни ташкил этган.

Косонсой тумани тоғолди ҳудуд ҳисобланиб, георафик жойлашганлигига кўра, сел-тошқинлари ҳосил бўлишига мойил ҳудуд саналади. 13 июль куни қўшни Қирғизистон Республикаси ҳудудларида кузатилган кучли жала ёмғирлар ҳисобига шаклланган Косонсой сойидаги сел ҳодисалари олдинлари туманнинг бошқа сойларида ҳам тез-тез такрорланган.

13 июль куни Косонсой сойидан максимал 60 кубометр/с миқдордаги сел-сув тошқиини ўтган.

Бу Косонсой сойи учун максимал миқдор эмас. Косонсой сойида сел ҳодисалари 1878 йилдан бошлаб рўйхатга олиб келинади. Сойда сел ҳодисалари асосан, апрель-июль ойларида ҳосил бўлади. Косонсой сойида тез-тез сел ҳодисалари кузатилган бўлиб, 1964 йил 27-28 июлда 278 кубометр/с, 1988 йил 1 майда 200 кубометр/с, 1992 йил 25 майда 250 кубометр/с миқдорида сел келган.

Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази маҳаллий аҳолидан 14-17 июль кунлари Қирғизистон Республикаси билан чегарадош бўлган ҳудудлардаги дам олиш масканларига бормасликни сўраган.

Мавзуга оид