17:33 / 19.07.2021
70138

Ҳукумат учун огоҳлик қўнғироғи: Ўзбекистон чорвачилиги хавф остида (2-қисм)

Доимий қурғоқчилик ва яйлов ерларининг кескин ўзлаштириб борилиши оқибатида бугун Ўзбекистон чорвачилиги жиддий хавф остида қолмоқда.

Мамлакатдаги 94-95 фоиз чорвани етиштириб берувчи аҳоли вакилларининг кўпчилигида чорва боқишга жой, едириш учун озуқа йўқ.

Шу сабабли, одамлар бугун мол, қўйларини бозорда анча арзон нархда, асосан, қассобларга сотишга мажбур бўлмоқда.

Мутахассисларга кўра, аҳвол шу даражада давом этиб, шошилинч чоралар кўрилмас экан, мамлакатни жуда оғир оқибатлар: чорва сонининг камайиб кетиши, гўшт ва сут маҳсулотлари нархининг эса кескин ошиши кутади.

Kun.uz мухбири Ўзбекистон чорвачилиги тушиб қолган бугунги оғир аҳвол, унинг сабаблари ва кўрилиши керак бўлган шошилинч чоралар юзасидан қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Насриддин Халилов билан интервью уюштирди.

Интервьюнинг биринчи қисми аввалроқ эълон қилиниб, матнлаштирилган ҳолда тақдим этилган эди. Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми матни жузъий қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда.

— Бугун озуқа йўқлиги сабаб, кўплаб ўзбекистонликлар чорва молларини бозорга чиқариб сотмоқда. Чорва нархи кескин тушиб кетган. Экспертларнинг фикрича, бу ҳолат кейинчалик чорва сонининг кескин камайиши ва гўшт нархининг ўсишига олиб келади. Сиз, шу соҳа олимларидан бири сифатида бу фикрларга қандай қарайсиз?

— Мантиқли савол. Муаммо тўғри қўйиляпти. Шу кетишда кетса, гўшт ва сут маҳсулотлари нархи қимматлашиб бораверади. Энг муҳими, туёқлар, чорва молларининг бош сони камаяди.

Хўш, бундай пайтларда нима қилиш керак?

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Насриддин Халилов

Ҳозир биз 1 млн. гектардан зиёд сувли майдонда ғалла экамиз. Ундан бўшаган майдонлар ёшларга бўлиб бериляпти. Шу жараёнда ерларни олаётган ёшлар фермер хўжаликлари билан шартнома тузиб, чорва учун озуқа, яшил масса ҳам етиштириши керак. Биз ҳозир шу каби қўшимча резервлар билан чорва сонини сақлаб қолишга ҳаракат қилишимиз керак. Агар бундай қилинмаса, юқорида тахмин қилган муаммомиз – 1-2 йил ичида қалқиб чиқади. Бу вақтда эса муаммони ечиш қийин бўлади.

Халқимиз тўғри айтади, ўсимлик қирилса, бир йилда тикланади, чорва қирилса, қирқ йилда тикланади. Аммо биз ҳозир кечиксак, чорвамизни қирқ йилда ҳам тиклай олмаслигимиз мумкин. Бу чорвачилик соҳаси алоҳида эътиборга муҳтожлигини билдиради.

Умуман, жуда кўп давлатларда ривожланганлик даражаси дон маҳсулотлари миқдорининг киши бошига тўғри келиши бўйича ўлчанади. Баъзи давлатларда 500 кг, АҚШга ўхшаган ривожланган давлатларда эса 1,5 тоннагача киши бошига дон захира қилинади. Қанча кўп дон ишлаб чиқарилса, иқтисоди шунчалик баланд. Чунки, бу биринчидан,аҳоли учун зарур бўлса, иккинчи томондан чорва ҳайвонларига озуқа манбаи бўлиб хизмат қилади. Демак биз озуқа учун ишлатиладиган донли экинларни экиш орқали ҳам ҳолатни маълум даражада юмшатишимиз мумкин.

— Бугун ўзбек хонадонларида чорванинг асосий озуқаси таркибини маккажўхори пояси ва сомон ташкил қилади. Хўш, бизда аввалги каби силос ва сенаж озуқалари нега тайёрланмай қўйди?

— Ростдан ҳам, бизда бу катта муаммо. Бугун чорва боқишда асосий озуқамиз сомон бўлиб қоляпти. Лекин сомон бу – балласт, яъни унинг ҳеч қандай энергияси йўқ, фойдасиз.

Чорванинг озуқасига энг камида хашаки лавлаги ва дуккакли дон экинлари ҳам қўшилиши керак.

Сенаж тайёрлаш учун 48-50 даража намлик бўлиши керак. Кейин унинг усти ёпиб қўйилади. Лекин снат тайёрламоқчи бўлган одамлар керакли ҳароратни ё 50 даражадан баланд, ёки паст қилиб қўяди. Оқибатда маҳсулот чириб кетади. Силосда ҳам шундай. Бу озуқалар чорва сутини, соғлиғини яхшиловчи озуқалар ҳисобланади. Аммо бизда уни тайёрлаш технологиясини тушунган мутахассислар етишмайди.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Жаҳонгир Алибоев.
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Top