Ўзбекистон | 09:03 / 08.11.2025
1804
2 дақиқада ўқилади

2026 йил 1 июлга қадар яйловларни тиклаш лойиҳаси старт олади

Президентнинг ПҚ-322-сон қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 июлга қадар яйловларни тиклаш лойиҳаси амалга оширилади: жамоат яйловлари ташкил этилади, сув қудуқлари қазилади, дронлар орқали уруғ сепиш йўлга қўйилади ҳамда «Ўздаверлойиҳа» ва «Рақамли қишлоқ хўжалиги» платформаси орқали доимий мониторинг тизими ишга туширилади.

Фото: Kun.uz

Ҳужжатга кўра, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида 2026 йил 1 июлга қадар яйловларни тиклаш бўйича лойиҳа старт олади. Лойиҳа доирасида қуйидаги вазифалар амалга оширилади:

  • жамоат яйловларини ташкил этиш — уй шароитида боқиладиган чорва моллари учун озуқа имкониятларини кенгайтириш;
  • тўлиқ хатлов ўтказиш — мавжуд яйлов ерларининг ҳолати ва инвентаризациясини шакллантириш;
  • инфратузилмани тиклаш — сув қудуқларини қазиш, ўсимлик турларини кўпайтириш, дронлар орқали уруғ сепиш, яйловлардан самарали фойдаланиш чораларини жорий этиш;
  • бошқарувни кучайтириш — Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳузурида яйлов ерларини бошқариш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш бўйича алоҳида дирекциялар ташкил этиш;
  • доимий мониторинг — «Ўздаверлойиҳа» ҳузуридаги Марказ ва «Рақамли қишлоқ хўжалиги» платформасидаги ягона ахборот тизими орқали маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш.

Қарор доирасида яйловлар деградациясининг олдини олиш, серҳосил чўл-яйлов ўсимликлари уруғчилигини йўлга қўйиш ҳамда хорижий тажрибани амалиётга жорий этиш кўзда тутилган. Хусусан, Хитой ва Мўғулистон тажрибаларидан фойдаланиш режалаштирилган.

Янгиланган рақамли ёндашув яйловлардан фойдаланишни шаффоф ва маълумотга асосланган тарзда ташкил этиш, ортиқча юкланишни чеклаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва чорвачилик самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ҳудудий дирекциялар орқали масъулият ва жавобгарлик кучайиб, лойиҳа ижроси очиқ мониторинг орқали назорат қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид