Жамият | 19:05 / 27.07.2021
3313
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда бўлиб ўтган шамол Қаршидаги кўп қаватли уйнинг томини учирди

Жорий йил 26 июль куни Қашқадарё вилоятида кучли шамол эсиб, қум бўронлари кузатилди. Маълум бўлишича, кучли шамол Қарши шаҳридаги айрим кўп қаватли уйларнинг томини учирган. Ҳолат бугун, 27 июль куни вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси томонидан ўрганилган.

Ўрганишларда маълум бўлишича, 2021 йил 26 июл куни Қарши шаҳрида эсган кучли шамол шаҳарнинг «Гунгон» МФЙда жойлашган 3-сонли кўп қаватли уйнинг том қисмини учириб кетган. Оқибатда томга ёпилган 80 метр квадрат тунука қоплама зарарланган. Қашқадарё вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутахассислари қисқа муддатларда воқеа жойига етиб бориб, табиий офат оқибатларини бартараф этган.

Қайд этилишича, вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳузуридаги «Таъмирлаш-тиклаш хизмати Қарши шаҳар» ДУК томонидан кўп қаватли уйнинг том қисмини таъмирлаш ишлари бошланган, аммо кучли шамол ишчилар фаолиятига тўсқинлик қилганлиги сабабли, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида таъмирлаш ишлари вақтинчалик тўхтатилган. Таъмирлаш ишлари 28 июль кунидан давом эттирилиши режалаштирилган.

P.S. Айтишларича, «Гургон» МФЙдаги мазкур 3-сонли кўп қаватли уйнинг томини жорий йил баҳорда эсган кучли шамол ҳам учирган. Ўшанда томни таъмирлаган усталар ишни қўл учида қилиб кетган шекилли, яна учирибди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид