Жаҳон | 21:52 / 02.08.2021
12909
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси россияликларга огоҳлантириш билан чиқди

Фото: Alexander Zemlianichenko/AP

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси россияликларга ноиммиграцион визаларни олиш учун АҚШнинг бошқа давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишни тавсия этди. Таъкидланишича, бу Россия томонидан АҚШ элчихонасига россияликларни ишга ёллашга киритилган тақиқлов сабабли элчихона ходимлари сони қисқариши билан боғланган.

“Номаълум муддатга нодипломатик сафарлар учун ноиммиграцион визаларни кўриб чиқиш ва АҚШ фуқароларига одатий хизматларни кўрсатиш тўхтатилди”, деб маълум қилган элчихона вакили. Унинг таъкидлашича, виза олишга ариза берувчилар АҚШнинг Россиядан ташқаридаги элчихоналари ёки консулхоналарига мурожаат қилишлари керак.

“Биз Россия ҳукуматининг ҳаракатлари консуллик ходимлари сонининг 75 фоизга қисқаришига олиб келганидан афсусдамиз. Бу тегишли хизматлар кўрсатишни иложсизга айлантиради”, деб қўшимча қилган элчихона ходими.

АҚШ элчихонаси консуллик хизматлари кўрсатиш ҳажмини қисқартириб, фақатгина америкаликлар учун фавқулодда вазиятларда хизмат кўрсатишни кучда қолдирган.

АҚШ баҳорда Екатеринбург ва Владивостокдаги консулхоналарини ёпганди. Шу сабабли Москвадаги элчихона Россияда АҚШ визасини олиш мумкин бўлган ягона жойга айланганди.

Москва АҚШ санкцияларига жавобан АҚШ элчихонаси томонидан россияликларни ишга ёллашга тақиқлов киритганди. Тақиқловдан кейин АҚШ элчихонаси россияликларга нодипломатик визалар беришни тўхтатишини эълон қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид