Жаҳон | 15:53 / 02.08.2021
9593
2 дақиқада ўқилади

Собянин меҳнат мигрантлари етишмовчилиги инфляцияга сабаб бўлганини айтди

Ўтган йил охирида пандемия сабабли Россиядаги меҳнат мигрантлари сони бир ярим бараварга камайгани айтилганди.

Фото: Ведомости

Инфляция ўсиши сабабларидан бири меҳнат мигрантларининг Россиядан кетиб қолишидир. Бу ҳақда Москва мэри Сергей Собянин РБКга берган интервьюсида айтди.

Унинг айтишича, ўтган йили коронавирус чекловлари сабабли қурилиш ишларининг қарийб икки ойга тўхтаб қолиши натижасида қурилиш компаниялари кўплаб меҳнат мигрантларини ишдан бўшатишга мажбур бўлган ва хорижликлар Россияни тарк этган.

«Ҳақиқатан ишчи кучи тақчиллиги пайдо бўлди. Анчагина. Икки юз минг атрофида деб ўйлайман. Бир қисми коммунал, бир қисми хизмат кўрсатиш ва савдо соҳасида. Бунинг ортидан ишчи кучи нархининг ўсиши кузатилди ва қолган нарсалар ҳам оша бошлади. Чунки меҳнат самарадорлиги ва якуний маҳсулот ишлаб чиқарилиши ўсмасдан ойлик маош ўсиши нимага олиб келишини ҳар қандай иқтисодчи айта олади. Шунинг учун инфляция кучайишини кўрмоқдамиз», — деди Собянин.

Ўтган йил охирида пандемия сабабли Россиядаги меҳнат мигрантлари сони бир ярим бараварга камайгани айтилганди. Мамлакатда одатда 9 млн атрофида хорижлик бўлса, 2020 йил охирига келиб улар сони 6 млн нафарга тушиб қолган.

Ишчи кучи етишмовчилиги муаммосига ҳам хусусий, ҳам давлат компаниялари дуч келган. Хусусан, меҳнат мигрантлари тақчиллиги туфайли БАМ ва Транссибдаги қурилишларда маҳкумлардан фойдаланиш таклиф қилинган.

Мавзуга оид