Жамият | 19:30 / 04.08.2021
28861
3 дақиқада ўқилади

Evos маҳсулотларидаги гўшт ҳалолми?

Kun.uz мухбири Evos тармоғи таомларидаги гўшт маҳсулотларининг ҳалоллиги мавзусини ўрганиш мақсадида Беларусда бўлиб қайтди. Тўлиқ тафсилотлар билан ушбу кўрсатувда танишинг.

Ижтимоий тармоқларда Evos фаст-фуд тармоғида тайёрланаётган таомларга қўшилаётган гўшт маҳсулотлари ҳалол эмаслиги айтилган хабарлар тарқалди. Бу борада турли фикрлар билдирилди: кимдир буни носоғлом рақобат дея баҳолаган бўлса, яна кимдир бу тармоқдан бошқа харид қилмаслигини таъкидламоқда.

Kun.uz ходимлари мавзу юзасидан саволларга жавоб олиш, Беларус гўшт комбинатидан Ўзбекистонга етказиб берилаётган гўшт маҳсулотларининг сифати ва ҳалоллигига ойдинлик киритиш мақсадида Беларусда бўлиб қайтди. Сафар Evos'га гўшт етказиб берувчи “Big-Shox” МЧЖ томонидан ташкил этилди.

Сафарда бизга икки кўнгилли ҳамда Evos корхонаси раҳбарларидан бири ҳам ҳамроҳлик қилди.

Биз Беларус Республикасининг Брест вилоятидаги “Пинский мясокомбинат” – Пинск гўшт комбинатида бўлиб, гўшт етказиб бериш линияси фаолияти билан танишдик.

Бу комбинат Беларус пойтахтидан 335 км ғарбда жойлашган. Фақат йирик шохли бўрдоқи қорамолларни сўйишга мўлжалланган линияда иш конвейер усулида ташкил этилган.

Бизга айтишларича, ҳалол гўштга буюртма бўлганида асли озарбойжонлик Вагиф қассоб укаси билан биргаликда бўрдоқиларни сўйиш учун комбинатга келади ва 300 бош атрофида буқани сўяди.

Комбинат Ўзбекистонга ҳар ой 8та фурада маҳсулот етказиб бериши маълум қилинди. Сўйиш ва бўрдоқини қайта ишлаш жараёни билан бевосита видеолавҳада танишиш мумкин.

“Big-Shox” МЧЖ таъсисчиси Осимхон Холмирзаевнинг айтишича, ватандошларига ҳаром гўшт етказиш орқали даромад топиш борасида Аллоҳдан қўрқади.

Беларусга сафардан сўнг, Evos тамаддихоналарига яримтайёр гўшт маҳсулотлари етказиб берувчи Vivid Meat Proccessing корхонасида ҳам бўлдик ва бу ерда ҳам иш қандай ташкил этилгани билан қизиқдик. Минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши, нақлига амал қилароқ, видеолавҳани кўришни тавсия қиламиз.

Алоҳида уқтиришни истардикки, Kun.uz ўқувчилар ёки хўрандалар фикрига таъсир кўрсатишни истамайди, зеро бу билан холислик таъминланмаган бўларди, назаримизда. Хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

Толиб Раҳматов Ⓣ

Мавзуга оид