20:30 / 06.08.2021
34856

Чилонзорда ИИБ ходими автомобилда йўлдан чиқиб кетиб, фуқарони уриб юборди

Тошкент шаҳар ИИББ ходими автомобилда бошқарувни йўқотиши оқибатида йўл четидаги фуқарони уриб юборган. Натижада фуқаро оғир жароҳатланган. Эътиборлиси, ИИББ ходими воқеадан бир неча соат олдин ишдан бўшатилган бўлиб чиқмоқда. Бу тасодифми?

2021 йил 17 июл куни кечқурун Чилонзор тумани Чўпонота кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган Кобалт автомобили йўлдан чиқиб кетиб, йўл четида жойлашган дўконга бориб урилади. Натижада фуқаро Бекзод Мамадалиевга жиддий жароҳат етади.

Маълум бўлишича, Кобалт ҳайдовчиси – Тошкент шаҳар ИИББ Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлими ходими подполковник Ж.Ж. бўлиб чиқади.

Кечқурун танишларим билан дўкон олдида ўтиргандик. Бирдан ҳамма ёқ ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Нима бўлганини англолмай қолдим. Бир вақт қарасам, автомобил билан дўкон орасида қисилиб қолганман. Яқинларим мени бир амаллаб чиқариб олишди. Шу заҳоти касалхонага олиб боришди. Ўша ерда билдимки, фалокат натижасида тос суягим синган экан.

Кейинроқ видеотасвирдан гувоҳи бўлдимки, катта йўлдан чиқиб кетган Кобалт устимизга отилиб келган. Автомобил мени уриб, дўкон деворигача суриб борган ва деворга қисиб қўйган. Ўша вақтда ёнимдагиларга омад кулиб, бошқа ҳеч кимга жароҳат етмаган”, – дейди жабрланувчи Бекзод Мамадалиев.

Унинг сўзларига кўра, масъул ходимлар воқеадан бир ҳафта ўтибгина экспертизага келган. Экспертиза унинг жароҳатини оғир тан жароҳати деб топган.

У экспертизанинг чўзилганини терговга қадар текширувни ким олиб бориши мавҳум бўлиб тургани билан изоҳлади.

Бунга сабаб – мени уриб юборган ходим гўёки ўша куни, яъни 17 июлда ички ишлар тизимидан ишдан бўшаган бўлган. Бу ҳақда кейинроқ эшитдик. Бироқ мен бунга ишонмайман. Тушунишимча, ходим автофалокат содир бўлиши биланоқ ишдан бўшатилган.

Агарда у ички ишлар ходими сифатида терговга жалб этилса, жиноят ишини прокуратура юритиши, органда ишламайдиган фуқаро сифатида жалб этилса, жиноят ишини ИИББнинг ўзи олиб бориши лозим эди. Якунда у оддий фуқаро сифатида жиноят ишига жалб этилди. Шу туфайли ҳозирда терговни ИИББ терговчиси олиб боряпти”, – дейди Бекзод Мамадалиев.

Kun.uz'га маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг 2021 йил 17 июл санаси билан расмийлаштирилган буйруғига асосан Ж.Ж. хизматдан бўшатилиб, пенсияга чиқарилган.

Маълумки, қайсидир тизим ходими тизим обрўйига доғ туширадиган ҳаракат содир этадиган бўлса, ходимни дарҳол ёхуд эски сана билан тизимдан четлаштириш одати бор. Бу билан гўёки тизим обрўйига путур етишининг “олди олинади”. Бу ерда ҳам шундай йўл тутилган бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Ҳар ҳолда, ходимнинг жиноят иши қўзғатилишига сабаб бўлувчи ЙТҲ содир этиши ва унинг ишдан бўшаши бир кунга тўғри келиб қолгани шунга ишора бермоқда.

Ҳолат бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси ахборот хизмати билан боғланиб маълумот олишга ҳаракат қилдик. Бироқ, ахборот хизмати вакили Хуршида Раҳмонова маълумот тақдим этишни сўраб ёзма мурожаат билан чиқиш лозимлигини билдирди.

Шундан сўнг бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланишга мажбур бўлдик. Мутасадди ортиқча қоғозбозлик ва хат-ҳужжатларсиз тезкор маълумот тақдим этди. Унда маълум қилинишича, 2021 йил 30 июл куни ҳолат юзасидан ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бекзод Мамадалиев ички ишлар ходими Кобалтни бошқарган вақтида маст ҳолда бўлганини таъкидламоқда. Бироқ, ҳали собиқ ИИБ ходимининг қон таҳлили натижалари номаълумлиги сабаб бу масалада хулоса чиқариб бўлмайди.

Маълумот учун, ЖКнинг 266-моддаси 1-қисмига кўра, транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Ушбу ҳолатда айбдорга БҲМнинг 50 баравари (12 млн 250 минг сўм)гача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиши мумкин.

Аббос Салайдинов

Top