Жамият | 18:23
1271
2 дақиқада ўқилади

ОКМКнинг хизмат автомобили икки ўқувчини уриб юборди: уларнинг бири вафот этган

Олмалиқда ОКМКга тегишли хизмат автомобили пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган икки ўқувчини уриб юборди. Улардан бири вафот этган. Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Сунъий интеллект яратган сурат

Олмалиқ шаҳрида икки нафар мактаб ўқувчиси иштирокида оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, воқеа 12 май куни Амир Темур кўчасида юз берган.

Маълум қилинишича, шаҳардаги 18-мактабнинг бошланғич синфида ўқийдиган икки нафар 8 ёшли ўқувчи пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган вақтда уларни оқ рангли пикап уриб юборган. Жабрланган болалар шошилинч тез ёрдам орқали шаҳар марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига олиб кетилган. Ўқувчилардан бири вафот этгани, яна бири эса кома ҳолатида экани айтилмоқда.

Манбаларга кўра, ҳодиса содир этган автомобиль Олмалиқ кон-металлургия комбинатига (ОКМК) тегишли хизмат автомобили бўлган.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати Kun.uz’га ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳар ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Аввалроқ Жиззахда ва Андижонда пиёдалар йўлагидан ўтаётган болалар транспорт воситалари уриб юбориши оқибатида вафот этган эди.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид