Ўзбекистон | 08:00 / 06.08.2021
6604
1 дақиқада ўқилади

Фарғонада темир йўл устида ухлаб қолган фуқаро сабаб катта тирбандлик кузатилди

Темир йўлда ухлаб қолган шахс нафақат поезднинг, балки темир йўл кесишмасидаги ҳаракатнинг тўхташига ҳам сабаб бўлди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот котиби хабар қилди.

Қайд этилишича, 4 август куни Фарғона водийсининг Қўқон – Бувайда перегони 7-километри 5-пикетида П–93-сонли Андижон - Тошкент йўналишидаги йўловчи поезди ҳаракати 20 дақиқага тўхтаган.

Тўхташ сабаби - локомотив бригадаси темир йўл излари ичида (колея) ётган одамни кўрганидан сўнг фавқулодда тормозлашни қўллаган. Поезд қўриқланадиган темир йўл кесишмаларидан бирининг ҳудудида тўхтаган. Натижада, соат 21:50 дан 22:10 гача ушбу жойда автотранспорт тирбандлиги юзага келган.

Билдирилишича, мазкур фуқаро маст ҳолда бўлгани тахмин қилинмоқда. Фавқулодда тормозланиш темир йўлда ётган одам устидан поезд ўтишининг олдини олмаганди, лекин унинг танаси пўлат излари орасида бўлгани боис унга ҳеч нима қилмаган. 

Таъкидланишича, бахтли тасодиф туфайли фуқаро нафақат омон қолган, балки воқеа жойидан қочиб кетишга муваффақ бўлган. Йўловчи поезди техник кўрикдан ўтганидан сўнг, поезд белгиланган йўналиш бўйлаб ҳаракатини давом эттирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид