Жаҳон | 21:46 / 06.08.2021
4008
1 дақиқада ўқилади

Мьянмада ҳарбийлар коронавирусни фуқароларга қарши қўллашда айбланди

“Вахпуал” тахаллусли мьянмалик журналист Time нашри учун ёзган мақоласида Мьянмада февралда ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийларни мамлакат фуқароларига қарши коронавирусни қўллашда айблади.

Фото: Reuters

“Давлат тўнтаруви етакчиси Мин Аунг Хлаинг ўзини бош вазир деб эълон қилган 1 августдаги нутқида ҳарбийлар ҳокимиятига қарши чиқаётган намойишчиларни атайлаб коронавирус тарқатишда айблади. Бироқ айнан генераллар коронавирусни қуролга айлантирди. Улар бу пандемияни матонат билан қаршилик кўрсатаётган аҳолини назорат қилиш воситасига айлантирди”, деб ёзган журналист ўз мақоласида.

“Вахпуал” ҳарбийларни тиббий ходимларга ҳужум қилишда ва уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилишда айблаган. Журналист ЖССТнинг маълумотларига таяниб, мамлакатда 150дан кўпроқ шифокор ва ҳамширалар ҳибсга олингани, 240 тиббий ходим эса ҳужумлар қурбонига айланганини таъкидлаб ўтган.  

Журналистнинг таъкидлашича, унинг она штати Чинда ҳарбийлар тиббий ходимлар ишига тўсқинлик қилиб, уларни пандемиядан жабр кўрган қишлоқлардаги касаллар олдига қўймаяпти.

Аввалроқ БМТда Мьянма коронавируснинг супертарқатувчисига айланиши мумкинлиги айтилганди.

Мавзуга оид