09:50 / 09.08.2021
14826

“ПСЖ” Месси тақдимоти учун Эйфел минорасини ижарага олди

“Пари Сен-Жермен” клуби 10 август кечки вақтга Эйфел минорасини ижарага олди. Бу ҳақда Football Transfers нашри хабар берди. Тахминларга кўра, Париж клуби янги ўйинчиси Лионел Мессини машҳур минорада тақдимот қилишни режалаштирмоқда.

Франция рамзларидан бири ҳисобланувчи минорадан 2017 йилда “Барселона”дан “ПСЖ”га ўтган бразилиялик футболчи Неймар тақдимотида ҳам фойдаланилган.

Месси клублардаги бутун фаолияти давомида “Барселона” учун тўп тепган. У клуб билан Испания чемпионатида 10 марта, Испания кубоги ва суперкубогида 7 мартадан, Чемпионлар лигасида 4 марта ҳамда Европа суперкубоги ва клублар ўртасида жаҳон чемпионатида 3 мартадан ғалаба қозонган.

Футболчининг “Барса” билан шартномаси июнь охирида ниҳоясига етди.

Жорий мавсумда Месси Испания чемпионатида 35 та учрашувда майдонга тушиб, 30 та гол ва 9 та голли узатмага муаллифлик қилди.

Эслатиб ўтамиз, 5 август куни “Барселона” Мессининг жамоадан кетганини, томонлар молиявий чекловлар туфайли янги шартнома имзолай олишмаганини эълон қилганди.

Top